АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден ўзининг Twitter’даги саҳифасида 2024 йилда бўлиб ўтадиган навбатдаги президентлик сайловларида иштирок этиш ниятида эканини расман маълум қилди.
“Ҳар бир авлоднинг демократия учун туриши керак бўлган лаҳзалари бор. Бу уларнинг асосий эркинликларини ҳимоя қилиш. Ишонаманки, бу бизнинг лаҳзамиз. Шунинг учун ҳам АҚШ президенти лавозимига қайта сайланиш учун ўз номзодимни қўйяпман”, — деб ёзган Байден.
2024 йилда АҚШ президентлигига яна кимлар даъвогарлик қилмоқда
Жо Байден 2022 йилнинг октябрь ойида иккинчи муддатга номзодини қўйиш ниятида эканини эълон қилган эди. Кейинроқ Оқ уй бу маълумотни тасдиқлаган.
Айни пайтда АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп ҳам давлат раҳбари лавозимига яна ўз номзодини қўйиш ниятида, бундан ташқари, у аллақачон сайловолди кампаниясини бошлаб юборган.
АҚШ президентлигига учинчи номзод Дональд Трампнинг партиядоши Никки Хейли бўлиши мумкин. У февраль ойи ўрталарида президентликка ўз номзодини қўйишини маълум қилган эди.
Ноябрда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида Республикачилар партиясидан аниқ ким номзод бўлишини аниқлаш учун партия ичида сайловлар 2024 йилнинг баҳорига мўлжалланган.
Ўтган ҳафта АҚШнинг 35-президенти Жон Кеннедининг жияни кичик Роберт Кеннеди 2024 йилги президентлик сайловларида қатнашишини расман эълон қилганди.
Изоҳ (0)