АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирбининг айтишича, Россия об-ҳаво яхшиланганидан кейин фронтнинг бир қанча секторларида Украинага қарши янги ҳужум бошлаши мумкин. Унинг сўзларига кўра, АҚШ Украина Қуролли кучлари қарши ҳужумга ўтиш имкониятига эга бўлиши учун Украинанинг мудофаа қобилиятини ҳар томонлама кучайтирмоқда. Бу ҳақда Кирби “Америка Овози”га берган интервьюсида маълум қилди.
Украина армиясининг шошилинч эҳтиёжлари орасида Кирби зирҳли техника, артиллерия, ҳаво ҳужумидан мудофаа, логистика воситаларини санади.
“Қандай қилиб уни (Украина армиясини) жангда сақлаб туриш, уни қандай қўллаб-қувватлаш, эҳтиёт қисмлар, озиқ-овқат, сув ва ёнилғи, узлуксиз ишлаш учун зарур бўлган нарсаларни қандай олиш — булар устувор йўналишлардан бўлиши керак”, — деди АҚШ расмийси.
Украина ҳукумати қарши ҳужум “яқин келажакда амалга оширилишини” айтди.
Пентагоннинг махфий ҳужжатлари интернетга ошкор қилингандан сўнг, The Washington Post нашри АҚШ Киевнинг қарши ҳужумдаги мақсадларга эришишига шубҳа билан қараётгани ҳақида ёзганди.
АҚШ разведкасининг фикрича, Украинадаги қўшинларни бир жойга тўплаш билан боғлиқ муаммолар, шунингдек, ўқ-дори ва жиҳозларнинг етишмаслиги сабаб Украина Қуролли кучларининг қарши ҳужуми Киевнинг умидларини оқламаслиги мумкин.
WP’нинг АҚШ расмийлари орасидаги суҳбатдошлари қўшимча қилишича, бундай прогнозларга Миллий разведка кенгашининг баҳоси ҳам мос келмоқда — унга кўра, Украина бу сафар кузги ҳужумда қайтариб олган ҳудудичалик кўп ерларини қайтариб олиши даргумон.
Жон Кирби “Америка Овози”га берган интервьюсида Украинанинг НАТОга кириши шартини ҳам маълум қилган. Унга кўра, АҚШ Украинанинг Шимолий Атлантика алянсига қўшилишини ёқлайди, фақат Киев Россия билан урушда ғалаба қозонганидан кейин.
Изоҳ (0)