Чехия президенти Пётр Павелнинг фикрича, Хитой Россия ва Украина ўртасида воситачи бўла олмайди, чунки Пекин урушнинг чўзилишидан манфаатдор. Бу ҳақда у Politico нашрига берган интервьюсида гапирди.
Унинг сўзларига кўра, Хитойга воситачиликни ишониб бўлмайди, чунки Пекин уруш авж олишини истайди – бу унинг учун фойдали.
“Статус-квони сақлаб қолиш Хитой манфаатларига мос келади, деб ҳисоблайман. Чунки бу Россияни қатор ён беришларга ундаши мумкин”, — деди Павел. Унинг таъкидлашича, Хитой Кремль билан “чексиз” ҳамкорлиги эвазига Москвадан арзон нефть, газ ва бошқа ресурслар олиши мумкин.
“Ғарб Украинани қўллаб-қувватлаб, эҳтимол, бироз заифлашиб бораётгани ҳам Хитой учун фойдали. Менимча, Хитой урушни қисқа вақт ичида тугашидан чинакамига манфаатдор эмас”, — деди Чехия раҳбари.
У ХХР ҳар куни Россиянинг Украинага қарши урушидан сабоқ олаётганини, шунингдек, Россия ҳаракатлари ва Ғарбнинг муносабатини диққат билан кузатиб бораётганини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, 23 апрель куни Хитойнинг Франциядаги элчиси Лу Шай Қримни “аслида Россияники” деб атаб, собиқ Совет давлатларининг суверенитетига шубҳа билдирган эди. Бу Латвия, Литва, Эстония ва Украина расмийларининг кескин муносабатига сабаб бўлди. Франция Ташқи ишлар вазирлиги Лу Шайнинг сўзларини “хавотир билан эътиборга олганини” билдирди ва Хитой расмийларидан бу гаплар Пекиннинг позициясини акс эттирадими ёки йўқлигига аниқлик киритишни сўради.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мао Нин элчининг сўзларини инкор қилиб чиқди ва Пекин барча мамлакатларнинг суверен мақомини ҳурмат қилишини айтди.
Bloomberg нашрининг қайд этишича, Хитойнинг Франциядаги элчихонаси ўзининг WeChat аккаунтида элчи билан суҳбат стенограммасини ўчириб ташлаган. Суҳбат элчихонанинг расмий сайтида чоп этилмаган.
Изоҳ (0)