24 апрель куни Қозоғистон Мудофаа вазирлиги республикада Ватан ҳимоячилари куни (7 май) ва Ғалаба кунига (9 май) бағишланган ҳарбий парад бу йил ҳам ўтказилмаслигини маълум қилди, деб хабар бермоқда “Дарё”нинг Қозоғистондаги мухбири.
“Қозоғистонда 2023 йилда ҳарбий парад ўтказиш бюджет маблағларини тежаш, шунингдек, бошқа муаммоларни ҳал қилиш зарурати туфайли режалаштирилмаган. Хусусан, устувор вазифа — Қозоғистон Қуролли кучлари бўлинмаларининг жанговар тайёргарлиги ва ҳаракатчанлигини талаб даражасида сақлаш”, — дея хабар берди Қозоғистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.
Шу билан бирга, яқинлашиб келаётган байрамлар муносабати билан ҳарбий-ватанпарварлик тадбирлари режалаштирилгани, улар ўтказилиб, алоҳида хизмат кўрсатган ҳарбий хизматчиларни тақдирлаш кўзда тутилгани таъкидланди.
Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган қозоқ аскарларининг хотирасини абадийлаштириш, уларнинг жасоратларини оммавий ахборот воситаларида ёритиш бўйича ҳам ишлар ташкил этилган.
Қозоғистонда 2022 йилда ҳам Ғалаба куни ва Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган ҳарбий парад ўтказилмаган эди. Мамлакат Мудофаа вазирлиги қарорни худди шундай — бюджет маблағларини тежаш истаги билан изоҳлаган. Қозоғистонда охирги марта ҳарбий парад 2018 йил 7 май куни, 2019 йил 9 май куни ўтказилган. 2020 ва 2021 йилларда коронавирус инфекцияси тарқалиш хавфи туфайли ҳеч қандай оммавий байрамлар ўтказилмаган.
Изоҳ (0)