Ўзбекистон Қозоғистон учун ишчи кучи экспорти бўйича асосий иттифоқчи ва ҳамкор ҳисобланади. Бу ҳақда Қозоғистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг Миграция масалалари қўмитаси раиси Илёс Испанов маълум қилди. У қўмита меҳнат муҳожирларини 2 тоифага ажратишини айтди.
Биринчи тоифага юқори малакали мутахассислар киради. Қозоғистон ҳудудида уларнинг атиги 773 нафари бор. Иккинчи тоифа эса ишчилардан иборат. Булар қурилиш объектларида, мавсумий ишларда ва уй хўжалигида ишга жойлаштирилган Ўзбекистон фуқароларидир. Уларнинг қўшни республикадаги сони 250 мингтани ташкил қилмоқда.
“Биз 2023 йил учун 297 минг квотани тасдиқладик. Уларнинг 91 фоизи Ўзбекистон фуқароларидир. Нима учун бундай бўлди? Биринчидан, бу мамлакатларда маош бизникидан паст. Шунга кўра, рақобат бор, Қозоғистонда иш топиш имконияти мавжуд.
Қолаверса, Ўзбекистон билан 30 кунга визасиз режим жорий қилинган. Шунга кўра, улар бу ерга келиб, иш берувчи топади ва меҳнат шартномаси тузиб, рухсатнома олиб, 3 ой ишлайди. Квота ҳар 3 ойда узайтирилади”, — деди Илёс Испанов.
Шунингдек, у икки давлат ўртасида икки томонлама шартнома тузиш режалаштирилаётганини маълум қилди. Бу ноқонуний мигрантлар оқимини тартибга солишга ёрдам беради.
Изоҳ (0)