Жиззах вилоятида сотиш мақсадида олиб кетилаётган 400 килограммдан зиёд гўшт маҳсулоти ёқиб юборилди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, 12 апрель куни Дўстлик тумани ҳудудида жойлашган Манас-14 йўл-патрул хизмати масканида ички ишлар органлари ходимлари Тошкент йўналишида ҳаракатланаётган Nexia’ни тўхтатган. Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида яшовчи фуқаро бошқарувидаги машинани кўздан кечириш чоғида юкхонада 315 кг гўшт борлиги аниқланган. Ҳайдовчи гўштни Тошкентга сотиш мақсадида олиб кетаётган бўлган.
Худди шундай Сангзор-15 ЙПХ масканида хизмат олиб бораётган ИИО ходимлари томонидан Жиззах шаҳри йўналишида ҳаракатланаётган Nexia тўхтатилган. Автомашинада ҳайдовчи маҳалладошига тегишли 100 килограмм гўштни Бахмал туманидан Жиззах шаҳрига сотиш учун олиб кетаётгани аниқланган.
Иккала ҳолатда ҳам бирор ҳужжат тақдим этилмаган ва ташиш жараёнида санитария қоидаларига риоя қилинмаган. Laboратория текширувлари натижасида гўшт маҳсулотлари истеъмолга яроқсиз экани аниқланди ва тегишли тартибда ёқиб юборилди.
Изоҳ (0)