Хитой ижтимоий фанлар академияси институти директори Ўзбекистонда қўшма олий таълим муассасаси қуриш муҳимлигини айтди.
Хабарга кўра, Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонаси томонидан Хитой ижтимоий фанлар академиясининг Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институтида мамлакатдаги конституциявий ислоҳотларга бағишланган давра суҳбати уюштирилди. Тадбирда мазкур институт раҳбарияти, илмий ходимлари ва тадқиқотчилари, шунингдек, Хитой замонавий халқаро муносабатлар академияси ва Хитойнинг “Бир макон, бир йўл” таҳлил маркази экспертлари иштирок этди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон-Хитой муносабатларининг истиқболлари юзасидан фикр алмашилди. Институт директори Сун Чжуанчжи таълим соҳасида Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлигини янада кенгайтириш, хусусан, Ўзбекистонда қўшма олий таълим муассасасини ташкил этиш муҳим эканлигини таъкидлади.
Хитой Халқаро муносабатлар академияси Евросиё институти директори Дин Сяосин Хитойнинг Ўзбекистон билан ва умуман Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишдан манфаатдор эканлигини қайд этди.
Изоҳ (0)