Россиянинг Камчатка яриморолида жойлашган Рйбачий ядровий сувости кемалари базасига ўтган ҳафтадаги кучли зилзила оқибатида жиддий зарар етгани маълум бўлди. Бу ҳақда сунъий йўлдош тасвирларига таяниб, The Guardian хабар берди.

Planet Labs компанияси томонидан олинган сунъий йўлдош суратларига кўра, Рйбачий сувости кемалари базасидаги сузувчи пирслардан бири жиддий шикастланиб, унинг қисмларидан бири маҳкамланган нуқтадан ажралиб чиқиб кетган. Мазкур зарар хабарига Россия Мудофаа вазирлиги ҳозирча изоҳ бермаган.
Ўтган ҳафта Камчатка қирғоқларида 8,8 магнитудали кучли зилзила юз берган эди. У Тинч океани бўйлаб, ҳатто Француз Полинезияси, Чили ва АҚШ ҳудудларида цунами хавфини келтириб чиқарган. Зилзиладан сўнг яриморолда энг фаол вулқонлардан бири ҳам отилган.

Мутахассисларга кўра, бу сўнгги ўн йилликларда Камчаткада қайд этилган энг кучли зилзила бўлиб, глобал миқёсдаги самарали фавқулодда чоралар туфайли талафотлар нисбатан кам бўлган. Россияда энг катта талафот Северо-Курилск портида қайд этилган – цунами тўлқини порт ҳудудини ва маҳаллий балиқ заводини сув остига ғарқ қилган. Портдаги иншоотлар эса денгизга оқиб кетган. Сув тўлқини қирғоқдан 400 метр нарида жойлашган иккинчи жаҳон уруши ёдгорлигигача етиб борган.
Изоҳ (0)