“Дарё” интернет-нашрида Қашқадарё вилояти Косон тумани ободонлаштириш бошқармаси март ойида тумандаги марказий арчага безаклар сотиб олиш бўйича 262 миллион сўмлик тендер ўтказгани ҳақида хабар берилганди. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳолатга муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, ўрганиш натижасида Косон туман ободонлаштириш бошқармаси буюртмачилигида “Арча ўйинчоқлари” хариди учун 27 март куни ўтказилган давлат харидида “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуннинг 7-моддаси (асосланганлик принципи), 8-моддаси (молиявий маблағлардан фойдаланишнинг оқилоналиги, тежамкорлиги ва самарадорлиги принципи), 10-моддаси (рақобат ва холислик принципи), 14-моддаси (манфаатлар тўқнашуви), 26-моддаси (давлат харидлари жараёни) талаблари бузилгани аниқланган.
Хусусан, давлат харидларини ўтказишнинг мақсадга мувофиқлиги ва зарурлиги, мақбул муддатларда ўтказиш имконини берадиган оқилона ва тежамкор усулда амалга оширилиши каби принципларига зид варишда:
- давлат харидларини режалаштириш;
- харид қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш;
- шартномани тузиш ва бажариш босқичларига амал қилинмаган.
Оқибатда 2022 йил декабрь ва 2023 йил январь ойида ўтказилган Янги йил байрами учун ноқонуний тарзда март ойида “Арча ўйинчоқлари” харид қилиш юзасидан давлат хариди ўтказилган.
Мазкур ҳолат бўйича 31 март куни харид комиссиясининг баённомасини бекор қилиш тўғрисида буюртмачига тақдимнома киритилган ва чора кўриш учун тўпланган ҳужжатлар Давлат молиявий назорат инспекциясига юборилган.
Агентликнинг тақдимномасига биноан Косон туман ободонлаштириш бошқармаси томонидан 4 апрель куни Харид комиссиясининг баённомаси бекор қилинган.
Изоҳ (0)