Германия Қуролли кучлари Термиз аэропортида хавфсизлик ва кузатув технологиясини халқаро авиация стандартларига мос равишда янгилашни молиялаштирди. Бу ҳақда Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур технологиялар 12 километрдан ортиқ узунликдаги ташқи тўсиқ бўйлаб, шунингдек, аэропортдаги операцион марказда ўрнатилади. Булар учун 1 миллион евродан ортиқ маблағ ажратилган.
Хусусан, ёритиш ускуналари учун замонавий, тежамкор LED лампалардан фойдаланилган. Германия ҳарбий атташеси шу ҳафта аэропорт майдонида ўрнатиш ишлари якунланганини кўришга муваффақ бўлган.
“Термиз халқаро аэропортида олиб борилаётган модернизация ишлари бизда катта таассурот қолдирди ва бунга самарали ҳисса қўшганимиздан мамнунмиз”, — дейилади хабарда.
Элчихона маълумотларига кўра, 2002−2015 йилларда Германия Қуролли кучлари Афғонистондаги халқаро миссияси доирасида Термиз аэропортидан ҳаво транспорти учун стратегик марказ сифатида фойдаланган.
“Аммо Германия Қуролли кучлари олиб чиқиб кетилганидан кейин ҳам биз замонавий халқаро тижорат аэропортига айланиш йўлида ушбу аэропорт билан чамбарчас боғлиқмиз”, — дейилади элчихона хабарида.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил август ойида Афғонистонда Толибон ҳокимият тепасига келганидан сўнг Германия ва қатор Ғарб давлатлари Термиз аэропорти орқали Кобулдан ўз фуқароларини эвакуация қилишни ташкил этган эди.
Изоҳ (0)