Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида “Соғлом жамият” форуми бўлиб ўтди. Ушбу анжуманда Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Мирзағолиб Тиллашайхов ҳам иштирок этди.
Икки томонлама учрашувда онкологларни клиник ординатурада бепул ўқитиш ва малакасини ошириш, фундаментал онкология соҳасида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш ҳамда саратон касаллигини даволаш бўйича янги замонавий дори-дармонларнинг қўшма клиник синовларини ўтказиш юзасидан қатор келишувларга эришилган.
Якунда ушбу марказ билан ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Унга кўра, эндиликда Ўзбекистонда клиник ординаторлар таълимнинг иккинчи йили Россияда бепул таҳсил олади. Шу билан бирга, магистратура босқичини тамомлаган ўзбек талабалари бир ойдан уч ойгача ушбу мамлакатда ўз билим ва кўникмаларини бепул ривожлантириш имконига эга бўлади.
Бундан ташқари, ўзбек мутахассислари учун россиялик онкологлар иштирокида маҳорат дарслари ва мастер-класслар ўтказиш бўйича ҳам ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланди. Унга кўра, яқин келажакда марказда ушбу мамлакат шифокорлари билан биргаликда юқори технологияли лапароскопик жарроҳлик амалиётлари ўтказиш ва нур терапияси орқали оғир беморларни даволаш йўлга қўйилади.
Изоҳ (0)