Қўйлиқ–Сергели метро йўналишида 24 март куни синов тариқасида поездларнинг техник қатнови бошланди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, 24 март куни Тошкент мерополитени ерусти ҳалқа йўлининг II босқичи Қўйлиқ–Сергели йўналишида қуриб битказилган 5 та бекатда синов тариқасида поездларнинг техник қатнови бошланди. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Транспорт вазирлиги, “Тошкент метрополитени” ДУК раҳбарияти, “Боштранслойиҳа” АЖ, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ мутасаддилари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Ҳозирда ерусти ҳалқа метро йўлининг II босқичи – 8,5 км узунликдаги 5 та бекатни ўз ичига олган Қўйлиқ–Қурувчилар қисми қуриб битказилган бўлиб, лойиҳанинг 3,8 км узунликдаги 2 та бекатни ўз ичига олувчи Қурувчилар–Қипчоқ қисмида қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Қайд этилишича, техник синовлардан сўнг мазкур йўналишда йўловчи ташувларининг бошланиши натижасида бир кунда 40 минга яқин йўловчига хизмат кўрсатилади.
Изоҳ (0)