Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Бахтиёр Саидов БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Волкер Турк билан учрашди. Бу ҳақда Саидов ўзининг Telegram’даги канали орқали маълум қилди.
“Ўзбекистон ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилдик. Қайд этиш жоизки, сўнгги йиллардаги алоқаларимиз Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган ислоҳотларни давом эттиришда қатъийлигини намоён этади”, — деб ёзади ТИВ раҳбари.
Ташқи ишлар вазирлигининг қайд этишича, Волкер Турк Ўзбекистонда амалга оширилаётган, жумладан, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган ислоҳотларни ижобий баҳолаган.
Олий комиссарга Ўзбекистонда бошланган конституциявий ислоҳотлар ҳақида сўнгги маълумотлар тақдим этилган.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Ўзбекистонга уч кунлик ташрифи давомида қатор вазирлик ва идораларда ҳамда фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашув ва музокаралар ўтказишни режалаштирган.
Изоҳ (0)