Баҳодир Сидиқов “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси лавозимига тайинланди, деб хабар бермоқда “Янги Ўзбекистон” нашри.
Тайинловга қадар у Олмалиқ кон-металлургия комбинати Ёшлик конини ўзлаштириш бўйича лойиҳа офиси раҳбари лавозимида ишлаб келган. Шунингдек, 2019—2020 йилларда “Ўзбекнефтгаз”га раҳбарлик қилган. Ундан аввал Вазирлар Маҳкамаси Геология, ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноати масалалари ахборот-таҳлил департаментининг мудири лавозимида фаолият юритган.
2020 йилнинг январидан “Ўзбекнефтгаз” бошқаруви раиси бўлган Меҳриддин Абдуллаевнинг янги лавозими ҳақида маълумот келтирилмаган.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг 15 декабрида ўтказилган видеоселектор йиғилишида Шавкат Мирзиёев аҳолини қийнаётган энергия таъминоти масаласига тўхталиб, зарур чораларни кўрмагани учун етти нафар раҳбар қаторида Меҳриддин Абдуллаевга ҳам ҳайфсан берганди.
2023 йилнинг 16 январида президент раислигида ўтган навбатдаги селектор йиғилишида Меҳриддин Абдуллаев лавозимидан озод этилиб, унга вазифасини бажарувчи лавозимида 3 ой синов муддати белгиланганди.
Изоҳ (0)