“Туркиянинг Финляндия ва Швеция давлатларининг НАТОга қўшилиши бўйича музокаралари 9 март куни Брюсселда давом эттирилди. Йиғилишга НАТО бош котиби Йенс Столтенберг мезбонлик қилди”, — дея хабар бермоқда алянс матбуот хизмати.
Бу 2022 йил июнь ойида Мадридда ўтказилган НАТО саммити доирасида имзоланган уч томонлама меморандумга асосланган учинчи музокара.
Туркия президенти матбуот котиби Иброҳим Калиннинг айтишича, мамлакат Финляндия ва Швециядан НАТОга аъзолик меморандумини тўлиқ амалга оширишни кутмоқда.
Унинг қайд этишича, Финляндия ва Швеция томонидан меморандумни амалга ошириш бўйича ташланган баъзи қадамлар қониқарли, бироқ жараён ҳали тўлиқ якунланмаган. Калиннинг сўзларига кўра, Швеция расмийлари Туркия талаб қилган қонун билан янада самарали ишлашга ваъда берган.
Туркия, Финляндия ва Швеция ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди ва улар Вилнюс саммити олдидан яна учрашадилар.
Эслатиб ўтамиз, уч давлат ўртасидаги музокаралар январь ойида Стокгольмда Қуръонни ёқиш акциясидан сўнг Анқара томонидан тўхтатилган эди.
НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг ўтган ҳафта Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш истаги бўйича Туркия билан музокараларда муваффақиятга эришилганини маълум қилди.
Изоҳ (0)