Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Фарғона филиалида 2022/2023-ўқув йилида имтиҳон натижалари ўзгартирилиб, абитуриентлар қасддан йиқитилгани маълум бўлди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Фарғона филиалида ўтказилган касбий (ижодий) имтиҳон натижалари ўрганилиб, 356 нафар (шундан, қўшилган 322, камайтирилган 34) абитуриентларнинг ҳақиқатан тўплаган балларига сохта ёзувлар киритиш орқали, юқори балл тўплаган абитуриентларнинг талабаликка тавсия этилмай қолингани аниқланган.
Жумладан, велоспорт йўналишида абитуриент Д.Бакировнинг ҳақиқатан тўплаган 105,2 балли сохталаштирилиб, Давлат тест марказининг электрон маълумотлар базасига пасайтирилган 67,4 балл киритилиши оқибатида талабаликка тавсия этилмаган.
Вилоят прокуратураси томонидан 2022 йил 10 декабрда Бош прокуратура орқали Таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш Давлат комиссияси раисига хат киритилиб, унда идоралараро ишчи гуруҳи тузилган ҳолда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Фарғона филиалида ўтказилган касбий (ижодий) имтиҳон натижаларини қайта кўриб чиқиш ва натижаси бўйича таклиф киритиш сўралган.
Шунга кўра, маъсул вазирликларнинг мутахассисларидан иборат таркибда идоралараро ишчи гуруҳи тузилиб, ҳар бир абитуриентнинг натижалари қайта кўриб чиқилган ва 145 нафари асоссиз равишда талабаликка қабул қилинмасдан қолгани аниқланган.
Ўрганиш натижалари 2023 йили 14 февраль куни комиссия мажлисида муҳокама қилиниб, юқоридаги 145 нафар (3 нафар давлат гранти ва 142 нафар тўлов-контракт) абитуриентларни талабаликка тавсия этиш ҳақида қарор қабул қилинган.
Ушбу қарорга асосан филиал директорининг 16 февралдаги 10, 31 ва 32-сонли буйруқлари билан юқоридаги 145 нафар абитуриент талабаликка қабул қилиниб, уларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Ёшлар ҳуқуқларини бузган филиалнинг собиқ директори Р.Расулов ва қабул комиссияси масъул котиби М.Мухриддиновга нисбатан Жиноят кодексининг 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 1-қисми ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Изоҳ (0)