АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан президент Жо Байденнинг “Украинага ҳозир F-16 қирувчилари керак эмас”, деган сўзларини тушунтирди.
Салливан Оқ уй урушда Украинанинг шошилинч эҳтиёжларини биринчи ўринга қўйиб келгани ва буни давом эттиришини яна бир бор таъкидлади.
“Урушнинг ҳар бир босқичида президент Украина ҳарбийлари керакли нарсани олишини таъминлашга уринди”, — деди Салливан.
“Биринчи босқичда, улар Киевни ҳимоя қилаётганда, керакли нарсалар Javelin танкка қарши қуроллари ва Stinger зенит тизимлари эди. Ва бу иш берди. Бу Украинага Киевни ҳимоя қилишга ёрдам берди. Иккинчи босқичда, Украина шарқига кириб келаётган руслардан ҳимоя қилиш учун уларга оғир артиллерия ёрдам берди. Ҳозирги босқичда муҳим элемент ерда манёврларни амалга ошириш қобилиятидир. Ва бу танклар, бронетранспортёрлар, пиёда жанговар машиналарни англатади”, — деди Салливан.
Унинг сўзларига кўра, “Байденнинг сўзлари унинг шу имкониятларга эътибор қаратганини билдиради”.
Аввалроқ Оқ уй АҚШ бошқа давлатларнинг Украинага қирувчилар беришини олқишлаши, бироқ Америка ҳукуматининг ўзи бундай ёрдамни ваъда бермаслиги ҳақида маълум қилганди.
The New York Times газетасининг ёзишича, АҚШ президенти маъмурияти F-16 самолётларини учинчи давлатлар, жумладан Дания ёки Нидерландия орқали Киевга топширишни истисно этмаган. 10 февраль куни Украина ҳукумати Нидерландияга F-16 қирувчиларини сўраб ариза юборди.
Изоҳ (0)