АОКАда ўтказилган брифингда “Тошкент метрополитени” ДУК ҳаракат хизмати раҳбари Султон Қодиров метрополитен инфратузилмаси жозибадорлигини ошириш бўйича вазифалар ижроси бўйича маълумот берди.
Қайд этилишича, президент қарори асосида метрополитен бекатларида савдо шохобчалари фаолияти тикланади. Ҳозирда “Novza” метро бекатининг пиёдалар ўтиш йўлагида тажриба-синов тариқасида савдо шохобчаларини қуриш ишлари амалга оширилмоқда.
Шунингдек, Тошкент шаҳар Яшнобод туманидан ўтувчи ерусти метро йўналиши эстакадаси остидаги (умумий ер майдони 2,9 гектар) ҳудудда 1200 ўринли бешта автотураргоҳ ҳамда Сергели туманидан ўтувчи ерусти метро йўналиши (умумий ер майдони 3,37 гектар) ҳудудида 1500 ўринли еттита автотураргоҳ ташкил этиш режалаштирилган.
Режалаштирилган ишларнинг амалга оширилиши натижасида умумий ҳисобда 1700 та янги иш ўринлари яратилади.
Маълумот учун, юқоридаги президент қарорларига асосан метрополитен йўловчиларига сифатли хизмат кўрсатиш учун 2023 йил давомида метро вагонларининг паркини янгилаш мақсадида метро йўналишларига бешинчи вагон сифатида 10 та ҳаракат таркибларига қўшимча вагон қўшилади, шунингдек, 14 та тўрт вагонли замонавий турдаги янги ҳаракат таркиблари фойдаланишга топширилади.
“Натижада метро поездлари ҳаракатланиш жадвалида кўрсатилган интервалларни қисқартиришга эришилади”, — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)