Қирғизистон собиқ президенти Сўронбай Жээнбеков бир неча кунлик сукутдан сўнг, амалдаги давлат раҳбари Садир Жапаров бошчилигидаги Қирғизистоннинг собиқ президентларининг Дубайдаги учрашуви ҳақида фикр билдирди. Бу ҳақда Кактус Медиа хабар берди.
Жээнбеков унга учрашув бўйича саволлар келиб тушаётганини айтиб, бу ҳақида очиқчасига гапирмоқчилигини билдирди.
“Дубайда бўлиб ўтган учрашувни Қирғизистон президенти сифатида Садир Жапаров халқ бирлигини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил қилган. У учрашувдан кўзланган ягона мақсад мамлакатда тотувликни мустаҳкамлаш, Қирғизистонни кучли давлат сифатида ривожлантириш, аҳоли турмушини яхшилаш эканини айтди. Давлат раҳбари жамиятнинг сиёсатчилар тарафдорларига бўлинишини ўтмишда қолдиришга чақирди. Биз бу эзгу ташаббусни, албатта, қабул қилдик. Барча иштирокчилар йиғилиш охиригача тўлиқ иштирок этди ва ҳар биримиз қўллаб-қувватлашимизни билдирдик”, — деди Жээнбеков.
Собиқ президент Қирғизистон мустақилликка эришгач, давлатда ҳам ижобий, ҳам салбий ҳолатлар кузатилганини қўшимча қилди. У рўй берган фожиали воқеалар ҳар бир Қирғизистон фуқаросига қаттиқ таъсир қилгани, шу сабаб учрашувга ҳам ҳиссий, ҳам ҳуқуқий баҳо берилганини айтди.
“Бу бизда кучли фуқаролик жамияти ва халқнинг ички эркинлиги борлигини яна бир бор исботлайди. Давлатимиз раҳбари бу салоҳиятни бунёдкорлик йўлига йўналтиришга чақирди”, — деди у.
Аввалроқ Қирғизистоннинг амалдаги президенти Садир Жапаров Қирғизистоннинг барча президентларини бир жойга йиғиб, учрашув ўтказганини маълум қилганди. Унда Асқар Акаев, Қурманбек Бакиев, Роза Ўтунбоева, Алмазбек Атамбаев ва Сўронбай Жээнбеков иштирок этган. Жапаров собиқ президентлар ўз эътирозлари, аламларини билдиргани, шу билан бирга, хатоларини тан олиб, бир-бирини кечирганини айтганди. Атамбаев ва Акаев учрашувга ўз муносабатини билдирган.
Изоҳ (0)