АҚШ президенти Жо Байден 20 февраль куни поездда Киевга яширин ташриф буюрди. Бу ҳақда The New York Times хабар берди.
Маълум қилинишича, Байден дастлаб Польшага парвоз қилган ва у ердан темирйўл орқали Украина пойтахтига йўл олган.
“20 февраль, душанба куни президент Байден Польшага ташриф буюргач, бир соатлик поезд йўлидан сўнг Украина пойтахтига яширин сафар қилди ва ўз маъмуриятининг Россиянинг мамлакатга бостириб кириши давом этаётганига нисбатан қатъиятини намойиш этди”, — дейилади хабарда.
АҚШ президентининг ташрифи хавфсизлик нуқтаи назаридан яширин тарзда ўтказилган. У 18 февраль кечқурун рафиқаси билан кечки овқатдан сўнг Вашингтонни тарк этган. 19 февраль куни Оқ уй 20 февраль кунги президентнинг очиқ жадвалини эълон қилган. Унда АҚШ президенти ҳали ҳам Вашингтондалиги ва кечқурун Варшавага Польша президетни Анжей Дуда билан учрашиш учун бориши келтирилган.
“Байден Украина пойтахтига урушнинг ички ва хориждаги ҳал қилувчи палласида келди. Американинг энг ишончли иттифоқчиларидан баъзилари Украинани Россияга ҳудудларни ўтказишни ўз ичига оладиган тинчлик битими бўйича музокараларни бошлашга ундамоқда”, — деди NYT.
Ҳозирда Байден ва Зеленский ўртасида музокара бўлиб ўтмоқда, АҚШ президенти Украинага бюджет ёрдами кўринишида “миллиардлар” олишига ваъда берди.
“Олдинда оғир кунлар, ҳафталар ва йиллар бор. Путиннинг мақсади Украинани харитадан ўчиришдир”, — дея қўшимча қилди Америка етакчиси.
Эслатиб ўтамиз, 20 февраль куни Жо Байден Киевга Владимир Зеленский билан учрашиш учун келгани маълум бўлди. Ҳаво ҳужумидан огоҳлантириш садолари остида у София майдонида ҳалок бўлган ҳимоячилар хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
Изоҳ (0)