Россия армиясининг Украинага аввал прогноз қилинган баҳорги ҳужуми бошланди, деб маълум қилди Владимир Зеленский BBC билан суҳбатда.
“Россия ҳужумлари аллақачон бир неча йўналишда амалга оширилмоқда”, — деди Украина президенти.
Унинг таъкидлашича, Украина Қуролли кучлари ўзлари қарши ҳужумга ўтгунча Россия ҳужумларини қайтариб туради. Лекин бунинг учун Украинага кўпроқ Ғарб қуроллари керак. “Қурол — бу Россия тушунадиган ягона тил”, — деди Зеленский.
Бундан ташқари, у Украина Владимир Путин билан ҳеч қандай ҳудудий ён бериш ёки муросага бормаслигини айтди.
“Бугун бизнинг омон қолишимиз, бирлигимиз ягона мақсад. Биз Европа томон кетяпмиз, Украина шу йўлни танлади. Буларнинг барчасини бой бериб бўлмайди. Украина хавфсизлик кафолатларини хоҳлайди, биз ҳаммамиз буни хоҳлаймиз — биз бирдаммиз. Шундай экан, ҳар қандай ҳудудий муроса давлатимизни заифлаштиради. Гап ъмуросаъ сўзида эмас. Нега ундан қўрқиш керак? Ҳаётда миллионлаб масалада муроса қиламизку. Савол ким билан муроса қилишда. Путин биланми? Йўқ! Нега? Чунки унга ишонч йўқ”, — дейди Зеленский.
Украина ва Ғарб разведкаси Россия Украинага янги ҳужумни режалаштираётгани ҳақида бир неча бор огоҳлантирган, бу эса босқиннинг йиллигига тўғри келиши мумкин. The Washington Post газетаси келтирган Ғарб давлатлари ва Украина разведка хизматларининг ҳисоб-китобларига кўра, ҳозирда Россия Украинада 300 мингга яқин одам тўплаган, бу босқиннинг бошидаги одамларидан икки баробар кўп. Ғарб давлатлари Россия урушга яна бир неча юз минг кишини жалб қилишини прогноз қилмоқда.
Изоҳ (0)