17 февраль санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан Рим марказидаги майдонда гулханга ташланган Жордано Бруно, барча учун ўз эшикларини очган Эрмитаж ҳамда император Александр II ҳаётига уюштирилган бешинчи суиқасдга оид фактлар ўрин олган.
Ўз қарашлари учун гулханда ёқилган Жордано Бруно
Италиялик файласуф ва буюк мутаффакир инквизиция томонидан ўз қарашлари сабаб гулханда ёқишга ҳукм қилинганди. Ҳукм 1600 йил 17 февраль куни ижро этилган. Брунонинг сўнгги сўзлари қуйидагича бўлган: “Мен ўз ихтиёрим билан шаҳид бўлиб ўляпман ва руҳим охирги нафасим билан жаннатга кўтарилишини биламан”.
1591 йилда Бруно венециялик ёш аристократ Жованни Моченигодан хотира санъатини ўргатиш бўйича таклиф олади ва Венецияга кўчиб ўтади. Бу вақтда Бруно бидъатда гумонланган ва Европа бўйлаб кўчиб юрарди. Аммо тез орада Бруно ва Мочениго ўртасидаги муносабатларга путур етади.
Мочениго Венеция инквизиторига 1592 йил 23 май куни Бруно ҳақида маълумот етказган ва у ҳибсга олинган. Файласувни суд учун Римга топшириш талаби Венецияга 17 сентябрь куни келиб тушади. Айбланувчининг жамоатчиликка таъсири, у гумонланган бидъатлар сони шу қадар кўп бўлганидан Венеция инквизицияси ушбу жараённи якунлашга журъат топа олмаган.
Бруно 1593 йил 27 февраль куни Римга олиб келинган. У Рим қамоқхоналарида олти йил давомида сақланган бўлса-да, ўзининг фалсафий ва метафизик эътиқодларини хато деб тан олишга рози бўлмаган. Инквизиция трибунал ўзининг 9 февралдаги қарори билан Брунони “тавба қилмайдиган, ўжар ва қатъий бидъатчи”, дея тан олган. Бруно муқаддас унвонидан маҳрум этилган ва черковдан четлатилган. У Рим губернатори судига топширилган ва “қон тўкилишларсиз” жазога ҳукм этилган — бу унинг тириклай гулханда ёқилишини англатар эди. Мазкур ҳукмга жавобан Бруно судьяларга қарата “Афтидан, сизлар ҳукмни мендан кўра кўпроқ қўрқиб, ўқиб эшиттиряпсизлар”, деган ва бир неча бор “Ўтда ёқмоқлик — инкор этмоқлик эмас!”, дея бақирган.
Мутафаккирга қарши кўплаб айбловлардан бири – Брунонинг коинот чексизлиги ва кўплаб оламлар мавжудлиги ҳақидаги таълимотидир. Арасту ва унинг схоластик таълимотининг танқидчиси бўлган олим Элей мактаби, янги платоник ғоялар ва қисман Эпикур ғоялари таъсирида бўлган. Бруно комедиялар ва достонлар ҳам ёзган.
Унинг дунёқараши пантеистикдир: Худо ва коинот битта нарсадир; коинот фазо ва вақт жиҳатдан чексиздир; у мукаммалдир, чунки Худо унда яшайди. Шунингдек, Бруно юлдузлар – олисдаги қуёшлар экани, Қуёш тизимида ўша давр учун номаълум бўлган коинот жисмлари борлиги, коинотда Қуёшга ўхшаш сон-саноқсиз жисмлар мавжудлигини айтганди.
Бугун учун оддий ҳақиқат бўлган нарсалар тўрт аср олдин олам аҳлига ёт тушунчалар эди ва шу сабаб Бруно унга сиғинмаган. Суд ҳукми билан 17 февраль куни Бруно Римдаги Гуллар майдонига олиб чиқилган. Жаллодлар унинг оғзига тиқин тиққан ҳолда гулхан ўртасидаги устунга боғлаган.
Жордано Брунонинг барча китоблари 1603 йилда католикларнинг Тақиқланган китоблар индексига киритилган ва унда 1948 йилга қадар сақланган. Инквизиция ҳукмни ижро этган Гуллар майдонида Брунога атаб ўрнатилган ёдгорлик 1889 йилга очилган эди. Очилиш маросими намойишчиларнинг норозиликларини келтириб чиқарган.
Бруно ўлимига 400 йил тўлиши муносабати билан 2000 йилда кардинал Анжело Содано Брунонинг ўлдирилишини “қайғули эпизод” деб атаган, бироқ инвизиторларнинг ҳаракати тўғри бўлганини таъкидлаган. Рим католик черкови раҳбари, шунингдек, унинг реабилитацияси масаласини кўриб чиқишдан бош тортган.
Омма учун ўз эшикларини очган Эрмитаж музейи
Санкт-Петербургдаги Эрмитаж тарихи 1764 йилга бориб тақалади. Хусусий коллекцияни тўплашга қарор қилган Екатерина II унинг асосчиси ҳисобланади. Бадиий ва маданий-тарихий музей ташриф буюрувчилар учун 1852 йил 17 февралда очилган. Аммо унинг илдизлари анча чуқур — очилиш йўлидаги илк қадамлари аслида Пётр I бошлаб берган. Унинг ҳукмронлиги вақтида кўплаб экспонатлар тўпланган, Екатерина даврида эса коллекция деярли бойитилмаган.
Император қарори билан Қишки саройда иншоот — Эрмитаж бунёд этилган. Ундан саройга яқин бўлган инсонларни бир жойда тўплашда фойдаланилган. Императорнинг шахсий коллекцияси ҳам шу ерга жойлаштирилган эди. Екатерина турли картиналарни жуда яхши кўрган ва қиммат полотноларни ҳам харид қилишга тайёр бўлган:
Бешта қишки сарой. Қишки сарой — император саройлари орасидаги энг машҳури бўлса-да, у ягона эмас. Уларнинг сони жами 5 та бўлган. Биринчи ва иккинчи “қишки уйлар” Пётр I даврида Мойка ва Неса дарёлари бирлашган канал бўйида қурилган. Учинчи сарой — Анна Иоанновнаники, тўртинчиси Нева проспектида жойлашган. Бугунги кунда барчага маълум бўлган бешинчи сарой Елизавета Петровна ташаббуси билан қурилган.
Ундан баландроқ қурилмасин. Қишки сарой баландлиги — 23,5 метр. 1844 йилда Николай I қарори билан Санкт-Петербургда фуқаролик биноларининг баландлиги 11-қават — 23,43 метр этиб белгиланади. Қарорда Қишки сарой ҳақида тўғридан тўғри бирор нарса дейилмаган бўлса-да, у мамлакат шимолий пойтахтидаги энг баланд бинолигича қолган.
Шаҳар ичидаги шаҳар. Қишки сарой улкан саройлар мажмуасидан иборат бўлиб, уни “шаҳар ичидаги шаҳар” дея таърифлашади. Бинода турар жой зонаси ва парад заллари, иккита черков, театр ва музей бор. Шунингдек, лабораторияга эга дорихона, хизматкорлар учун уйлар, ошхона ва омборхоналар, отхоналар ҳам жойлашган.
Парад заллари. Қишки саройдаги парад залларининг бир қисми Невага олиб чиқади. Георгиев залини, шунингдек, Катта тахт зали деб ҳам аташади — у Екатерина II даврида 1795 йили Жакома Кваренги лойиҳаси асосида яратилган.
Рим папаси саройидаги фрескалар. Қишки сарой қурилганидан 30 йил ўтиб, у ерда Рафаэл пешайвони пайдо бўлган. 1792 йилда Жакомо Кваренги томонидан қурилган икки қаватли корпусга Рим папасининг Ватикандаги саройидаги фрескалари нусхалари жойлаштирилган. Қурилиш ишлари Екатерина II нинг шахсий буйруғи билан амалга оширилган.
Архитектор хатолиги. 1826 йилда Огюст Монферран императорнинг буйруғи билан қироллик қароргоҳида янги бинолар қуради. Архитектор лойиҳалаш жараёнида иситиш тизимларида хатоликка йўл қўйган. Шу сабабли 1837 йил декабрда саройда ёнғин юзага келган бўлиб, уни ўчиришга икки кун вақт кетган. Фақатгина деворлари омон қолган бино яна икки йил давомида қайта тикланган, бу сафар таъмирлаш ишларига архитектор Василий Стасов бошчилик қилган. Янгиланган Қишки сарой эски мажмуадан умуман фарқ қилмаган.
Қирол учун совға. Малахит меҳмонхонаси — бугунги кунга қадар интерери ўзгаришсиз сақланиб қолган ягона зал. Меҳмонхона парад зали ва император хоналарини боғлашга хизмат қилган. Ҳашаматли хона Урал малахитлари — қимматбаҳо яшил минераллар билан безатилган. Қироллик оиласи учун саройни безашда 2 тоннадан ортиқ малахит совға қилинган.
Сарой мушуклари. Саройда мушуклар 1745 йилда император Елизавета Петровнанинг буйруғи билан пайдо бўлган. Жонзотлар “галерея картиналари қўриқчилари” номига сазовор бўлган. Бугунги кунда Эрмитажда 60 га яқин мушук яшайди. Ертўлада улар учун махсус хоналар жиҳозланган. Уларнинг алоҳида ветеринарй бор, барча мушуклар эмланган, стерилланган ва Петербургдаги энг яхши клиникаларда текширувдан ўтиб туради.
Дунёдаги энг йирик музейлардан бири. Қишки сарой Эрмитаж музей мажмуаси таркибига киради. У ерда Рембранднинг энг йирик коллекцияси сақланади. Эрмитажда жами 3 миллион экспонат мавжуд — таққослаш учун Луврда уларнинг сони 300 мингга яқин. Музейдаги 350 та залнинг барчасини кўриб чиқиш учун 20 километр йўл босиш керак, ҳар бир экспонатни бир дақиқадан томоша қилишга эса бир неча йил вақт кетади.
Александр II га уюштирилган бешинчи суиқасд
1880 йил 17 февраль куни Санкт-Петербургда Россия императори Александр II га бешинчи маротаба суиқасд уюштирилган эди. Қишки саройнинг ўзида кучли портлаш амалга оширилган, теракт ижрочиси “Халқ хоҳиши” аъзоси Степан Халтурин бўлган. Суиқасд омадсиз якунланган — император омон қолганди.
1879 йил сентябрда Халтурин ўз партиясининг топшириғига биноан сохта ҳужжатлар билан Қишки саройга дурадгор бўлиб ишга жойлашади. Кейинги йилнинг февраль ойига қадар у император саройи ертўласига 32 килограммга яқин портловчи моддани секин-аста олиб киришга муваффақ бўлган.
Бомба ўт олдирувчи ип ёрдамида ишга туширилган. Халтурин яшаган Қишки сарой ертўласи устида соқчихона, унинг устида — иккинчи қаватдаги ошхонада эса Александр II одатда тушлик қилган. 1880 йил 17 февраль куни тушликка Мария Александрованинг укаси шаҳзода Гессенский келиши керак эди. Шаҳзоданинг поезди ярим соатга кечиккани нафақат унинг, балки бутун императорлик оиласи аъзоларининг ҳаётини сақлаб қолганди.
Император ошхонадан узоқда жойлашган Кичик Фелдмаршал залида шаҳзодани кутиб олган вақтда портлаш юз берган. Динамит кучи ертўла ва биринчи қават орасини бузиб юборган. Тепадаги қаватнинг пол қисми эса қулаб тушган. Болохонадаги ҳеч кимга шикаст етмаган, аммо портлаш кучи полни кўтариб юборган, кўплаб деразалар ойналарини синдирган.
Ҳодиса оқибатида Финляндия полкининг 11 нафар лейб-гвардиячиси ҳалок бўлган, 56 киши яраланган. Жароҳатга қарамай, омон қолган соқчилар ўз жойларини тарк этмасдан, навбатдаги смена келишини кутган. Улар ўзларининг бевосита бошлиғи келиб буйруқ берганидан кейингина навбатчиликни топширган. Ҳалок бўлганларнинг барчаси яқиндагина якунланган рус-турк уруши қаҳрамонлари эди.
Қурбонлар Санкт-Петербургдаги Смоленск қабристонидаги Биродарлик қабрига дафн этилган. Императорнинг алоҳида қарори билан шу куни қоровуллик қилган барча аскарлар тақдирланган, уларга пул мукофотлари берилган.
Шундай қилиб, Қишки саройдаги портлаш террорчиларга кутилган натижани келтирмаган — Александр II жароҳат олмаган, унинг ўрнига 11 аскар ҳалок бўлганди. Портлашдан кейин Халтурин Москвага йўл олган. 1881 йил 1 март куни “Халқ хоҳиши” ижро қўмитаси аъзолигига сайланган.
1882 йил 18 мартда Халтурин Одессада прокурор Стрелниковнинг ўлдирилишида иштирок этган. Унинг шериги бўлган Желваков пистолет билан Стрелниковни яралаган, извошчи кийимидагил Халтурин эса унинг яширинишга ёрдам бера олмаган. Натижада уларнинг иккиси ҳам ўтиб кетаётган фуқаролар томонидан ушланган.
Желваков ва Халтурин ўзларини бошқа одамлар дея таништирган ва Александр III нинг буйруғи билан ҳарбий-дала судига топширилган — 22 март куни эса дорга осилган.
Изоҳ (0)