АҚШ президенти Жо Байденнинг маъмурияти Украина ҳукуматини уруш траекториясини ўзгартириш учун ҳал қилувчи дақиқа келгани ҳақида огоҳлантирди, деб хабар бермоқда The Washington Post манбаларига таяниб.
Оқ уй расмийларининг фикрича, Россия, кутилаётганидек, баҳорда ҳужум бошлайди, Украина эса бой берилган ҳудудларни қайтариб олиш учун қарши ҳужумга ўтиши мумкин. Январь ойида Киевга ташриф буюрган АҚШ расмийлари Украина расмийларига келгуси ойлар жуда муҳим бўлишини айтган.
Америкалик ҳарбий таҳлилчиларнинг фикрича, Украина қўшинлари учун бир вақтнинг ўзида Донецкдаги Бахмутни (у ерда кўп ойлардан бери шиддатли жанг кетмоқда) ҳимоя қилиш ва АҚШ муҳимроқ деб ҳисоблаган ҳудудларни қайтариш учун баҳорги қарши ҳужумни бошлаш қийин бўлади. WP суҳбатдошларининг таъкидлашича, агар Украина Россия қўшин юборган йўналишда жанг қилса, бу Россия ҳукуматига қўл келади.
АҚШ Киевга босимни кучайтирган, чунки Оқ уй учун Конгрессни Украинага аввалгидек ёрдам беришга мажбурлаш қийинроқ бўлади, бунга сабаб — айрим республикачилар ёрдамни қисқартиришни ёқламоқда. Жо Байден маъмурияти ҳозирда Конгресс билан Украинага 10 миллиард доллар ёрдам кўрсатиш устида ишламоқда. Янги ёрдам пакети Россия босқинига бир йил тўлиши муносабати билан Россияга қарши янги санкциялар қаторида эълон қилиниши кутилмоқда.
АҚШ расмийлари Украинани имкон қадар узоқ вақт давомида қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдириш билан бир вақтда, улар ёзгача Киев Америка ёрдамининг амалдаги пакетини тугатади, шундан сўнг можарони сиёсий йўллар билан ҳал қилиш қийин бўлади, деб огоҳлантирмоқда.
Изоҳ (0)