Фанлар академияси Сейсмология институти директори ўринбосари Воҳидхон Исмоилов “Дарё” нашрига берган интервьюсидан зилзиланинг ўлчов чегаралари ҳақида гапирди.
Воҳидхон Исмоиловнинг айтишича, ернинг силкиниши 12 баллга етса, сайёра даҳшат ичида қолади.
“Магнитуда зилзила ўчоғида ажралган энергияни баҳолашга қаратилган кўрсаткичдир. Магнитуда каттаю, ўчоқ чуқурлиги пастда бўлса, тепадаги таъсири катта бўлмайди.
Масалан, 1966 йилдаги Тошкент зилзиласини олайлик. У кучли зилзила эмасди. Магнитудаси 5,2 балл бўлган. Агарда шу зилзила чўл ёки дашт зонасида бўлганда, биз эсламасдик ҳам. Чунки талафот бўлмасди. Лекин бунинг шунақа жиҳати бўлдики, у қоқ шаҳарнинг ўртасида ва чуқурлиги жуда саёз, 7-8 километрни ташкил қилди.
Ўтган йили Сурхондарёда 5,7 магнитудали зилзила бўлди. Ҳеч ким эслагани йўқ. Чунки у дала-дашт, адирликда бўлганди. Бинолар қуламасди, фақат озроқ дарз кетди.
5 магнитудадан юқори бўлган зилзила кучли ҳисобланади. Бу ўртача 6 – 7 балларга тўғри келади. Энг юқори магнитуда 10 балл бўлади. Бизнинг ускуналар максимум 12 баллик шкалани ҳисоблайди. Аслида 10 баллик зилзилада бинолар қулаб, атроф теп-текис бўлади. Англаш мумкинки, 11 баллик ер силкинишида бинолар умуман қолмайди. Бунда ер юзида кўчкилар, ер релефида ўзгаришлар юз беради. Энди 12 балл деганимиз даҳшатнинг ўзи. Ер юзида жуда катта ўзгаришлар бўлади. Масалан, дарёларнинг ўзанлари ўзгариб кетади. Табиий тўғонлар пайдо бўлади”, – деди мутахассис.
Аввалроқ Воҳидхон Исмоилов Ўзбекистон зилзилалар доимий содир бўлиб турадиган зонада жойлашганини, айниқса, водий вилоятлари сейсмофаол ҳудудлар эканини айтганди.
Изоҳ (0)