Ўзбекистонда 2023 йил охиригача йиллик инфляция 8,5—9,5 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда. Бу ҳақда Марказий банкнинг ўтган йилнинг тўртинчи чораги учун тайёрланган шарҳида маълум қилинган.
Қайд этилишича, 2022 йил якуни бўйича ялпи ички маҳсулот ўсиши Марказий банкнинг октябрь ойидаги прогнозларига мос бўлиб, 5,7 фоизни ташкил этган.
Марказий банк 2022 йил давомида Ўзбекистон иқтисодиёти ташқи шароитларнинг ўзгаришига мослашиб борганини таъкидлаган.
“Ташқи иқтисодий хатарларнинг таъсири қисқа муддатли ва дастлабки баҳолашларга нисбатан пастроқ бўлиши ҳисобига экспорт ва трансчегаравий пул ўтказмалардан валюта тушумларининг ўсиши кузатилди”, — дейилади шарҳда.
Ўтган йили Ўзбекистонга 16,9 млрд долларлик пул ўтказмалари юборилган. Ўтказмаларнинг 85 фоизи ёки қарийб 14,5 млрд доллари Россия ҳиссасига тўғри келади. Бу 2021 йилга нисбатан 2,6 баробар кўпдир.
Ўзбекистондан бошқа давлатларга ўтказилган пул ўтказмалари ҳажми 29 фоизга ошиб, 2,1 млрд долларни ташкил этди. Ўзбекистонликлар асосан Туркия, Хитой, АҚШ ҳамда Ҳиндистон каби мамлакатларга пул ўтказмаларини амалга оширган.
Шунингдек, 2022 йилда истеъмол товарлари нархларининг барча гуруҳларида кенг қамровли ўсиш кузатилган ва бу умумий йиллик инфляция 12,3 фоизни ташкил қилган.
Охирги уч ойдаги инфляцион кутилмалардаги ўсиш динамикаси келгусида инфляцион хатарлар юзага келиши эҳтимолларини оширган.
Биринчи чоракда ЯИМ ўсишининг маълум даражада секинлашиши бўйича эҳтимоллик юқори ва 2023 йил якунида иқтисодиётнинг 4,5—5 фоизга ўсиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)