1 февраль санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан Совуқ урушни расман якунлаган Буш ва Ельцин, 13 ёшли қизни зўрлаб Францияга қочиб кетган машҳур режиссёр — Роман Полански ҳамда “Буюк голланд тошқини”: ХХ асрнинг даҳшатли табиий офатига оид фактлар ўрин олган.
Совуқ урушни расман якунлаган Буш ва Ельцин
1992 йил 1 февраль куни АҚШ ва Россия президентлари Жорж Буш ва Борис Ельцин Совуқ урушни якунлашга оид декларацияни имзолаган эди. Улар икки мамлакат эндиликда бир-бирини душман сифатида кўрмаслиги, дўстлик ҳамда ҳамкорликни йўлга қўйиши қайд этилган ҳужжатга имзо қўйган.
31 январь куни Нью-Йоркда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг мажлиси бошланган — кўпчилик Россия президенти Борис Ельциннинг бундай даражадаги биринчи чиқишини кутарди. “У Россияни собиқ СССР соясидан катта сиёсатга олиб чиқмоқда”, — деб ёзганди ғарб ОАВлари.
Бу вақт Ельцин у қадар машҳур эмасди, чунки у мустақил Россия раҳбарига айланганига бир ойдан ошган, шу сабабли хориж экспертлари ва сиёсатшунослари унинг ҳар бир сўзига ёпишиб олишга уринарди. Йиғилишда Россия президенти Россия мудофаа комплексининг технологик ишланмаларини ҳисобга олган ҳолда Америка Стратегик мудофаа ташаббусини халқаро лойиҳага айлантиришни таклиф қилган.
Ельциннинг ташқи сиёсатдаги биринчи ташаббусларидан бири эндиликда Россия ядровий ракеталари Америка шаҳарларига йўналтирилмаслиги ҳақида бўлган. Эртаси куни юқори мартабали меҳмон АҚШ президентларининг Кемп-Девиддаги қароргоҳига ташриф буюрган. Ташрифи Ельциннинг 61 ёшга тўлишига тўғри келгани боис Буш администрацияси буни эътиборсиз қолдирмаган. АҚШ президенти Ельцинга битта шам қўйилган торт, “Б.Й.” ҳарфлари туширилган ковбойлар этиги ва “Аляска” курткасини совға қилган. Ельцин жавоб совғасини бермасдан, шундай деганди: “Ҳозир совға алмашадиган аҳволда эмасмиз”.
Вашингтон яқинидаги йиғин жаҳон тарихидан ўрин олган: АҚШ ва Россия президентлари айнан Кемп-Девидда Совуқ уруш якунланганини расман эълон қилади.
Совуқ урушнинг бошланишига Британиянинг собиқ бош вазири Уинсон Черчиллнинг 1946 йил 5 март куни Ғарб давлатларини ўсиб бораётган совет хавфига қарши бирлашишга чақириши сабаб бўлганди. Черчил инглиз тилида сўзлашадиган халқларни ҳарбий кучларини бирлаштиришга чорлаган. “Совуқ уруш” атамасини эса 1945 йилда британиялик ёзувчи Жорж Оруэлл “Сен ва атом бомбаси” номли мақоласи орқали муомалага киритганди. Америкалик журналист Уолтер Лиppmан ушбу термини New Ёрк Herald Tribune газетасини 1947 йил сентябрдаги сонида қўллаган. Шу йили Труменнинг маслаҳатчиси Бернард Барух “совуқ уруш” жумласидан расмий нутқда фойдаланган.
Президент Жорж Буш 1991 йил 25 декабрь куни Россия мустақиллиги ва унинг СССР меросхўри экани расман тан олинишини эълон қилган, халққа ҳар йиллик мурожаатида эса АҚШ Совуқ урушда ғалаба қозонганини таъкидлаб келган. Икки кундан кейин Лондонда Ельцин унга эътироз билдирган: “АҚШ эмас, барчамиз ғалаба қозондик. Аммо бир томон ўзини ғолиб, нариги тарафни эса мағлуб сифатида кўрадиган бўлса, тенг ҳуқуқли шерикчилик амалга ошмаслиги аён”.
Ельцин Кемп-Девидга ташрифи давомида Буш билан “галстуксиз” форматда учрашган эди: норасмий вазият илиқ мулоқотга ва мамлакат етакчиларининг бир-бирини яхши тушунишига хизмат қилади дея ҳисобланган. Иккала томон ҳам душман эмас, дўст сифатида учрашганликларини таъкидлаган.
Улар Совуқ уруш давридан қолган душманлик сарқитларини йўқотишга келишиб олган — гап стратегик қуролларни қисқартириш, шунингдек, ўз халқларининг алоқаларини максимал кенгайтириш ҳақида кетган.
“Биз икки мамлакат ўртасида эркин савдо, инвестиция ва иқтисодий ҳамкорликка фаол кўмаклашамиз. Демократия, қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқларини, жумладан, миллий озчиликлар ҳуқуқларини, давлат чегараларини ҳурмат қилиш, дунёни тинч ўзгартириш каби умумий қадриятларимиз ва ғояларимизни кенг ёйиш учун барча саъй-ҳаракатларимизни амалга оширамиз”, — дейилади декларациянинг 5-6 бандларида.
Сиёсатчилар Россиядаги оғир иқтисодий ҳамда Қуролли кучлардаги вазиятни муҳокама қилган. “Мен бу ерга ёрдам сўраш учун қўл чўзишга келмадим”, — деганди Ельцин. Шунга қарамай, 19 февраль куни Чита аэропортига гуманитар юклар ортилган Америка ҳарбий-транспорт самолёти келиб қўнади. Россиялик меҳмонни қурол савдоси ва “интеллигент қатлам” савдоси ҳам қизиқтирарди. Томонлар ядровий физика соҳасида қўшма дастурни ишлаб чиқаришга келишиб олади.
Бундан ташқари, стратегик ва тактик қурол-яроғларни минимал ҳажмга — ҳар бир томонда 2,5 минг жанговар каллакка етказишга келишиб олинган. Бу масала бўйича ишлар силлиқ амалга оширилган.
Орадан бир йил ўтиб, 1993 йил апрель ойида Елцин ва АҚШнинг янги президенти Билл Клинтон Ванкувер президентлари декларациясини имзолаган. Бир қатор экспертларнинг фикрига кўра, бу Россиянинг ички сиёсатига Қўшма Штатларнинг таъсирини таъминлаган “ислоҳотларга ёрдам” формуласини ўз ичига олган.
Вояга етмаган қизни зўрлашда айбланган машҳур режиссёр — Роман Полански тақдири
1978 йил 1 февраль куни режиссёр Роман Полански 13 ёшли Саманта Геймерни зўрлаганлик айблови бўйича ҳукм чиқарилишидан олдин АҚШдан Буюк Британияга, экстрадиция хавфи сабаб у ердан Францияга қочиб кетганди. Қуйида режиссёрнинг ҳаёти ва Голливуд нима сабабдан уни ёмон кўришини баён қиламиз.
Полански севган барча аёллар кинога боғлиқ эди. Биринчи марта у 1959 йилда полшалик актриса Барбара Квятковскаяга уйланган. У режиссёрнинг биринчи танлаган бўлиб, унинг фильмларида рол ижро этганди. Муносабатлар 1962 йилда якунланган. “Вампирлар бали” фильмини суратга олиш давомида Роман Шерон Тейт билан танишиб қолган. Соҳибжамол 24 ёшли актриса ҳақида у вақтда бутун Голливуд гапира бошлаган. Табиийки у Поланскининг эътиборига тушган ва ОАВларда уларнинг муносабати кенг муҳокама қилинган.
Полански билан боғлиқ энг шов-шувли жанжаллардан бири 13 ёшли қизнинг зўрланиши билан боғлиқ. 1977 йилда Роман Грансиянинг Vogue журналида суратга олиш учун моделларни қидирган. Кечки базмларнинг бирида у Саманта Геймернинг онаси билан танишиб қолган ва аёл ўз қизини модел сифатида режиссёрга тавсия қилган. “Кўпчиликнинг фикрига кўра, мен ёқимтой қиз эди, аммо ташқи кўринишимда эътиборга молик ҳеч нарса йўқ эди. У уйимизга келиб, шу заҳоти ортига қайтиб кетмаганига ҳайронман”, — дейди Саманта.
10 март куни режиссёр қизнинг уйига борган, бу вақтда улар Жаклин Биссетникида меҳмонда бўлган, Роман эса бир нечта сурат олган ва қизни бу вақтда сафарда бўлган Жек Николсаннинг уйига олиб борган. Актёрнинг уйида Полански музлаткичдан шампан виносини олиб, бокалларга қуйган. Қизни спиртли ичимлик билан меҳмон қилган режиссёр унга янги кийимни кўриб кўришни таклиф қилади. Шундан кейин Роман қизни кийимсиз ҳолатда суратга олган ва маст ҳолатда бўлган қизни зўрлаган.
Содир бўлган воқеадан кейин Полански қизни уйига обориб қўйган. Саманта манзилга етгунча йиғлаб борган, режиссёр ундан Николсаннинг уйида содир бўлган ҳодисани сир тутишни сўраган.
Шундан кейинги воқеалар жамоатчилик назорати остида давом этган: Роман Полански Саманта билан жинсий алоқага киришганини тан олган ва суд жараёнлари бошланган. Режиссёр қамоқхонадан уйига қайтаётганида адвокати томонидан судья унинг ишини кўриб чиқаётган, ўз позициясини ўзгартиргани ва прокуратуранинг Поланскига шартли ҳукм чиқариш қарорига қўшилмаётганини айтган. Бу режиссёрнинг адвокатларининг прокуратура билан келишувининг бузилиши эди, олдинроқ ушбу судья буни маъқуллаган ҳам. Қўрқиб кетган Полански ҳукм чиқарилишидан олдин қочиб кетган. У АҚШдан Буюк Британияга, сўнг экстрадициядан қутулиб қолиш мақсадида Францияга борган.
2018 йил майида АҚШ Киноакадемияси Поланскини ўз сафидан ўчириб ташлаган. 2020 йил 10 февралда феминистлар Роман Поланскини “Офицер ва жосус” фильмига бойкот эълон қилишни талаб қилганди.
2017 йил 10 июнь куни Саманта Геймер Лос-Анжелес судидан ўзига нисбатан қўзғатилган жиноят ишини тўхтатишни сўраган. “Мен Романнинг номидан эмас, адолат номидан гапиряпман. 83 ёшли инсонни қамоққа ташламасдан бу муаммони ҳал этиш ҳақида ўйлаб кўришингизни сўрайман”, — деганди аёл.
2020 йил 28 январь куни Роман Полански “Офицер ва жосус” фильми учун энг яхши режиссёр сифатида эътироф этилиб, Франциянинг “Сезар” киномукофотини қўлга киритганди. Ғолиб номи эълон қилинганида бир нечта актриса норозилик сифатида зални тарк этган.
Нидерландиянинг 50 та асосий тўғонини ювиб кетган сув тошқини
1953 йил 1 февраль куни Шимолий денгиз тўлқинлари Нидерландиянинг 50 та асосий тўғонини ювиб юборганди. Табиий офат оқибатида 2 минг киши ҳалок бўлган, 43 минг бино ва иншоотлар яксон қилинган. Ҳукумат бу бўйича “Delta” режасини ишга туширган.
Олимларнинг маълумот беришича, бундай сув тошқинлари ҳар 400 йилда бир марта содир бўлган. Нидерландияда 1953 йил 1 февраль куни табиий офат юз берган — 10 балли тўфон ва денгиздан эсган кучли шамол бирлашиб, қирғоққа ёпирилган. Мамлакатда 67 та тўғон бузилиб кетган, сув шаҳарлар ва қишлоқларни босган. Саросимага тушган аҳоли имконияти доирасида омон қолишга уринган.
Ҳодиса оқибатида 2 мингга яқин инсон ҳалок бўлган, бир неча кундан кейин сув чекингач, ҳавони ҳеч нарса билан таққослаб бўлмайдиган бадбўй ҳид қоплаган: тўлқинлари ўзлари билан ўлган инсонлар ва ҳалок бўлган жонзотлар жасадларини олиб келганди. Шўр туз ярим миллион акрдан ортиқ ерни қоплаган. Бузилган тўғонларни қайта тиклаш учун бир йил вақт кетган.
Сув тошқини юз берган кун якунида Нидерландия қироллик армиясининг 12 минг аскари ва Ҳарбий-ҳаво кучларининг вертолётлари одамларни қутқариш ишларига киришган. Бир ҳафта давомида дунёнинг 25 та давлати Нидерландияга ёрдам кўрсатган. Мамлакатга озиқ-овқат маҳсулотлари, дори воситалари олиб келинган, АҚШдан мутахассислар, муҳандислик бўлинмалари, вертолёт ва самолётлар жалб этилган. Тўфондан зарар кўрган Англия ва Бельгия ҳам қутқарувчилар ҳамда пул маблағларини юборган. Тартиб тез орада тикланган. Табиий офат етказган зарар юзлаб миллион долларга баҳоланган.
Тошқиндан уч ҳафта ўтиб комиссия тузилган ва у “Delta” режасини ҳаётга татбиқ этишга киришган. Шимолий денгизга оқадиган дарёларни тўғон ва ғовлар билан тўсишга қарор қилинган. Бунинг ёрдамида қирғоқ узунлиги қарийб 700 километрга қисқартирилган. Лойиҳа 1997 йили якунланади. Маҳаллий ҳукумат уни сув тошқинларидан ҳимояланиш бўйича дунёдаги энг йирик тўғон дея таърифлаган. Лойиҳа кўлами: 2,4 минг километр асосий ва 14 минг ёрдамчи тўғонлар, шунингдек, 300 дан ортиқ иншоотлар қурилиши.
1953 йилда на сунъий йўлдош, на компьютерлар ва сув тошқинларидан огоҳлантиришга масъул ягона орган бўлмаган. Англия жанубидаги графлик жуда кеч бўлмагунига қадар огоҳлантиришни олмаган. Британия ва Нидерландия фавқулодда хизматлари умумий хавфга дуч келса-да, алоқада бўлмаган. Ўшанда Буюк Британияда 300 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, 30 минг киши эвакуация қилинган, шунингдек, 24 минг уй вайрон бўлганди.
Таъкидлаш керакки, XVI асрда Нидерландия мустақиллиги учун юз берган урушлар давомида ҳарбий ҳаракатларни олиб боришнинг жуда ноодатий усулларидан фойдаланилган. Айёр маҳаллий аҳоли душман тарафнинг хавфидан хабар топса, тўғонлар шлюзларини очиб юборган ва ҳудудларни 30 сантиметрдан ошмайдиган сув сатҳи билан қоплаган. Бунақа ҳолатда қайиқда сузиб бўлмайди, пиёда юриш эса қийин. Айниқса, нидерландлар бундан усулдан Испания мустақиллиги учун кечган 80 йиллик урушда кенг фойдаланган, уларнинг шиори — “Ердан ажралгандан кўра, уни яксон қилган яхши”. Аммо артиллерия ва авиациянинг ривожланиши бундай уруш тактикасини йўққа чиқарган.
Изоҳ (0)