Хитой 3 сентябрь куни бўлиб ўтадиган парадда АҚШга зарба бера оладиган қуролларини намойиш этади. Сунъий йўлдошдан олинган тасвирлар уларнинг айримларини кўрсатди. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.

Парадда энг сўнгги зенит ракеталари, жанговар дронлар ва ядровий баллистик ракеталар ҳам кўриниш беради. Эҳтимол бу орқали Хитой ўзининг ҳарбий қудратини намойиш этиш ва потенциал харидорларни жалб қилишни режалаштирган. Сунъий йўлдош суратлари Пекиндаги парад бўлиб ўтадиган майдончадан олинган.
Расмларда зирҳли техникалар, ҳаво мудофаа тизимлари, артиллерия қуроллари ва қанотли ракеталар акс этган. Бу маълумотлар Вена шаҳридаги pen Nuclear Network таҳлилчилари томонидан ўрганилган. Сунъий йўлдош суратларида DF-41 қитъалараро баллистик ракетаси кўринган. У махсус юк машинасида ташилади, бир нечта жанговар каллакларни олиб юриши мумкин ва тахминан 15 минг километр масофага учади. Бу эса уни АҚШни нишонга олишга қодир қилади.

DF-41 илк бор 2019 йилги парадда намойиш этилган. Шунингдек, сунъий йўлдош тасвирларида ёпиқ ҳолатдаги DFФ-100 гиперсоник ракетаси ҳам акс этган бўлиши мумкин. У минглаб километрга учиши тахмин қилинмоқда. Хитой армиясининг янги қуроллари энг сўнгги технологиялар, жумладан гипертовушли тизимларни ўз ичига олади.
Бу эса “денгиздаги ҳаво мудофаа тизимларини енгиш имкониятларини оширади ва аниқроғи, Тинч океанининг ғарбий қисмида АҚШ денгиз кучларини чеклаш учун ишлаб чиқилган. Жуда кам давлат барча имкониятларни қамраб олувчи бундай кемага қарши ракеталарни ишлаб чиққан, дейди хавфсизлик бўйича тадқиқот маркази мутахассиси Тианран Ху.
Иккинчи жаҳон уруши тугаганининг 80 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган парад Хитой раиси Си Цзиньпин учун йирик тадбирлардан бири ҳисобланади. Парад унинг Россия президенти Владимир Путин, Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ва бошқа жаҳон етакчилари билан учрашувидан бир неча кун кейин бўлиб ўтади.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Тянсзинда ўтказиладиган ушбу йиғилишига Хитойдан қурол-яроғ харид қиладиган бир қанча давлат раҳбарларининг ҳам ташриф буюриши кутилмоқда. Хитой мудофаа компанияларининг акциялари май ойида Покистон Ҳиндистоннинг бешта қирувчи самолётини уриб тушириш учун Хитойнинг J-10C самолётлари ва PL-15 ракеталаридан фойдаланганидан сўнг кўтарилди.
Хитой ўз армиясини модернизация қилиш учун катта маблағ сарфламоқда. Мамлакат дунёдаги тўртинчи йирик қурол экспортчиси ҳисобланади. Унинг мижозлари асосан чекланган маблағларга эга бўлган Покистон каби ривожланаётган мамлакатлардир.
Пекин гипертовушли ракеталарнинг дунёдаги энг самарали ишлаб чиқарувчиларидан биридир. Технология бир томондан АҚШ, иккинчи томондан Хитой ва Россия ўртасида кучайиб бораётган рақобатнинг марказида турибди. Украина 2024 йилда Россия унга қарши шундай қурол ишлатганини таъкидлаганди.
Изоҳ (0)