Саудия Арабистонидаги депортация марказида сақланаётган Ўзбекистон фуқаролари ватанга олиб келинди. Бу ҳақда “Дунё” хабар берди.

Маълум қилинишича, Бош консулхона, Дин ишлари бўйича қўмитаси ва Uzbekistan Airways ҳамкорлигида Саудия Арабистонининг Макка шаҳридаги “Аш-Шумаисий” депортация марказида бўлиб турган З.Ш. ва унинг фарзандлари қайтарилди.
Бош консулхона ходимлари Саудия Арабистонидаги “Аш-Шумаисий” депортация маркази директори Абдулатиф ас-Самалий билан ушбу оилани Ўзбекистонга юбориш бўйича бир неча бор музокара ўтказди. Музокаралар натижасида уларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича келишувга эришилди.
Дин ишлари бўйича қўмитаси, Бош консулхона ва Uzbekistan Airways томонидан З.Ш. ва унинг фарзандларига зиёратчилар учун ажратилган Жидда—Тошкент йўналишидаги чартер рейсига авиабилет сотиб олиб берилди. Мазкур оила 24 август куни Ўзбекистонга етиб олди.
Ушбу жараён 30 июлдан 30 августгача эълон қилинган “Ватанга қайтариш” инсонпарварлик акцияси ҳамда Ўзбекистоннинг Жиддадаги Бош консулхонаси томонидан Саудия Арабистонида бўлиб турган юртдошларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга бўлган ёндашувнинг самарали натижаси экани қайд этилди.
Ўзбекистонда жорий йил 30 июлдан 30 августгача “Ватанга қайтариш” хайрия гуманитар акцияси амалга оширилмоқда. Акция доирасида Саудия Арабистонида оилавий зўравонлик қурбони бўлган ўзбекистонлик ватанга қайтарилган эди.
“Ватанга қайтариш” хайрия акциясидан чет элларда оғир шароитда қолган ўзбекистонликларни ватанга қайтариш мақсад қилинган. Режага асосан, аввало Туркия, Россия, Қозоғистон, БАА, Саудия Арабистони, Ҳиндистон, АҚШ ва Кореядаги депортация марказларида бўлиб турган аёллар ва болалар ватанга қайтарилади.
Хорижда оғир молиявий аҳволда қолган фуқаролар консуллик муассасалари ёки Миграция агентлиги ваколатхоналари хулосаси асосида Ўзбекистонга олиб келинади. Ватанга қайтарилган фуқароларни самарали реинтеграция қилиш бўйича амалий чоралар кўрилади. Улар давлат томонидан тақдим этилаётган мақсадли субсидиялар, имтиёзли кредитлар, тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш дастурлари орқали қўллаб-қувватланади.
Фуқароларни қайтариш билан боғлиқ транспорт харажатлари Миграция жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.
Изоҳ (0)