Экстремал иссиқ ҳаво инсон саломатлигига сезиларли даражада салбий таъсир кўрсатиб, қариш жараёни тезлаштиради. Бу ҳақдаги илмий тадқиқот натижалари The New York Times нашрида эълон қилинди.

Олимлар 15 йил давомида Тайванда яшаб келаётган қарийб 25 минг нафар инсонлар соғлиғи ҳақидаги маълумотларни таҳлил қилди. Натижада сўнгги икки йил давомида иссиқ ҳаво тўлқини таъсирида бўлиш биологик қаришни 8–12 кун олдинга суриши аниқланди.
Тадқиқот раҳбари, Гонконг университети доценти Цуй Го сўзларига кўра, бир қарашда кичик кўринадиган бу кўрсаткич аслида жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин:
“Биз ҳозирча фақат икки йил муддат бўйича натижаларни олдик, бироқ глобал иқлим ўзгариши оқибатида иссиқ ҳаво оқими йилдан йилга кўпайиб бормоқда. Шу сабабли вақт ўтиши билан унинг таъсир кўлами янада ортиши эҳтимолдан йироқ эмас”, дейди мутахассис.
Экстремал иссиқ ҳаво нафақат Осиё мамлакатларида, балки АҚШнинг ғарбий қисмида, Эрон, Европа, Япония ва Кореяда ҳам кузатилмоқда. Жумладан, Франция жорий йил ёз ойларида иккинчи бор аномал жазирамани бошдан кечирди.
World Weather Attribution таҳлилига кўра, 2024 йил сўнгги 50 йил ичида энг иссиқ ўтган йил сифатида қайд этилди. Иқлим ўзгариши оқибатида дунё бўйлаб аномал иссиқликнинг яна 41 кун кўпайишига олиб келди.
Қариш қачондан бошланади ва бу жараённи секинлаштириш мумкинми?

Лестер университети олимлари ўтказган тадқиқотда ҳашаротлар биологик қаришни секинлаштириш механизмларига эга экани аниқланган. Масалан, айрим асалари турлари “табиий ривожланиш паузаси” ҳолатига кириб, ўз умрини ўзи “узайтиради”. Бу жараён “эпигенетик соат” деб аталувчи молекуляр қариш белгиларини секинлаштиради. Шуниси эътиборга лойиқки, асаларилар одамникига ўхшаш ДНКни метиляция қилиш функциясига ҳам эга.
ДНК метиляцияси — генларнинг фаолиятини ёқиб-ўчириш орқали ҳужайра функциясини ва қариш жараёнини тартибга солувчи механизм.
Бошқа тадқиқотларга кўра, қариш жараёнининг тезлашиши одатда 50 ёшдан кейин бошланади. Шу вақтдан бошлаб танадаги тўқималар ва органлар ўз фаолиятини аста-секин йўқота бошлайди. Инсон танасида энг тез қариш жараёни қон томирларида кузатилади.
Изоҳ (0)