Криштиану Роналду Саудия Арабистонида навбатдаги совринни қўлга кирита олмади. “Ан-Насср” клуби португалиялик ҳужумчи билан деярли уч йил давомида на Саудия Арабистони чемпионатида, на мамлакат кубогида, на Осиё Чемпионлар Лигасида ғолиб чиқишга уддалай олди. Ҳозирга қадар футболчининг клуб сафида қўлга киритган ягона соврини — Араб клублари кубоги ҳисобланади.

Жамоавий ўйин муаммоси
Яқинда “Ан-Насср” Саудия Суперкубоги финалида “Ал-Аҳли” жамоасига қарши баҳсда пенальтилар сериясида мағлубиятга учради. Бу Роналду ва унинг жамоаси учун кетма-кет ўн биринчи муваффақиятсизлик сифатида тарихга кирди. Гарчи 40 ёшли ҳужумчи майдонда юқори даражада ўйин намойиш қилаётган бўлса-да, кўплаб мутахассислар муваффақиятсизлик сабаби сифатида жамоавий ўйин етишмовчилигини кўрсатмоқда.
Шу боис клуб ёзги трансфер ойнаси давомида 56 миллион евро сарфлаб, “Челси”дан Жоау Феликс ва “Бавария”дан Кингсли Команни таркибга қўшди. Бироқ ҳозирча жамоанинг ўйинида сезиларли ўзгариш кузатилмади.
Мотивация етишмаслиги
Яна бир муҳим омил — бу мотивация. Ташқи томондан Роналду майдонда аввалгидек ўйин кўрсатмоқда: голлар киритади, жамоани олдинга етаклайди. Бироқ Саудия Арабистонида қўлга киритилиши мумкин бўлган совринлар футболчи учун қанчалик аҳамиятли эканлиги борасидаги савол очиқ қолмоқда.

У фаолияти давомида Европанинг етакчи чемпионатлари ва кубокларини ютган, шунингдек, беш маротаба УЕФА Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонган. Саудия Арабистонидаги совринлар эса бу ютуқлар билан солиштирганда нисбатан иккинчи даражали кўринади. Молиявий даромадлар, реклама шартномалари ва ҳашаматли турмуш тарзи эса спортдаги мотивацияни пасайтираётган бўлиши мумкин.
Шахсий рекордлар устуворлиги
Учинчи омил – Криштиану Роналду учун шахсий ютуқлар жамоавий натижалардан устун туради. У фаолияти давомида энг кўп расмий ўйин ўтказган футболчи бўлиш, шунингдек, тарихдаги энг кўп гол урган футболчи номини қўлга киритиш мақсадида ҳаракат қилмоқда. Қолаверса, Роналду “Ан-Насср” тарихидаги энг яхши тўпурар мақомини қўлга киритишни ҳам истамоқда. Айнан шу сабабли айрим вазиятларда у тўпни шерикларига бермасдан, ўйинни ўзи якунлашга уриниш орқали жамоани очколардан маҳрум қилмоқда. Бу эса Саудия Про Лигаси чемпионлиги учун курашда салбий таъсир кўрсатмоқда.
Гарчи Роналду клубнинг энг яхши тўпурарларидан бири бўлса ва ҳар йили чемпионатнинг энг самарали ҳужумчилари қаторига кирса-да, ҳужум чизиғидаги рақобат кучайиб бораётган бир вақтда мутлақ етакчининг мавжудлиги жамоа ичида мувозанатни бузиши мумкин.
Изоҳ (0)