28 январь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан Россияда “Сарой тўнтаришлари”нинг бошланиши, совет қўшинлари қўмондони генерал Власовнинг хоинлиги ҳамда парвоз вақтида портлаб кетган “Челленжер”га оид фактлар ўрин олган.
Россияда “Сарой тўнтаришлари”нинг бошланиши
1725 йил 28 январь куни Россияда “сарой тўнтаришлари даври” бошланган эди. Генерал-фелдмаршал, княз Александр Меншиковнинг саъй-ҳаракатлари билан Екатерина I тахтга чиқарилган.
1725—1762 йилларда Россия империясида ҳокимият сарой тўнтаришлари йўли билан содир бўлган. Мазкур давр ўзидан меросхўр қолдирмаган, подшоҳ ўз давомчисини ўзи танлаш ҳуқуқига эгалиги тўғрисидаги 1722 йилги қарори ижросини таъминлашга улгурмаган император Пётр I нинг ўлимидан кейин бошланган. Тахтга даъвогарлар орасида Пётр I нинг набираси — вояга етмаган Пёрт Алексеевич, марҳум шоҳнинг рафиқаси Екатерина Алексеевна ва унинг қизлари — Анна ҳамда Елизавета бор эди. Маълумотларга кўра, Пёрт I аввалига тахтни Аннага қолдирмоқчи бўлган, аммо кейин фикридан қайтиб, Россия тарихида биринчи марта рафиқаси Екатеринага тож кийдирган. Аммо ўлимидан бироз олдин эр-хотиннинг муносабатлари кескин ёмонлашган. Номзодларнинг ҳар бирининг ўз тарафдорлари бор эди.
Император ўлган кунда Екатеринани қўллаб-қувватловчи Александр Меншиков гвардия полкини сарой деразалари остига сафлаган — шу орқали у янги императорнинг эълон қилинишига эришган. Масаланинг бундай ечими қатор воқеаларни юзага келтирган.
1727 йилда Пётр II ҳукмронлиги даврида юз берган тўнтаришда Меншиковнинг ўзи қурбонга айланган. Меншиковнинг кутилмаган касаллигидан унинг сиёсий рақиблари — князлар Долгорукий ва Андрей Остерман фойдаланиб, подшоҳга таъсир ўтказишга эришган. Улар аввалига Меншиков истеъфоси бўйича буйруқ чиқартирган, кейин уни Сибирга сургун қилдирган.
Пётр II нинг ўлимидан кейин 1730 йилда Maxфий олий кенгаш Анна Ионновна — Пётр I нинг жиянини император деб эълон қилган ва у 10 йил давомида ҳукмронлик қилган. 1740 йил октябрда Анна Ионновна тахтни набира жияни — икки ойлик Иоанн Антоновичга қолдириб, вафот этган. Унга эса ўз навбатида герсог Эрнс Бирон регентлик қилган.
Жамиятнинг бирор-бир қисмида машҳур бўлмаган ва қўллаб-қувватланмаган герсог ўзини такаббур тутган ва тез орада чақалоқ императорнинг ота-онаси билан жанжаллашиб қолган. 1740 йил 20 ноябрь кечаси фелдмаршал Бухард Кристов Миних 80 нафар гвардиячи билан Ёзги саройга бостириб кирган ва деярли қаршиликка учрамай, Биронни ҳибсга олган. Иоанн Антоновичнинг онаси Анна Леополдовна Россия императори дея эълон қилинган. Боланинг отаси Антон Улрих эса генералиссимус лавозимини қўлга киритиб, рус армияси бош қўмондонига айланган. Генералиссимус бўлишни ният қилган Миних истеъфо берган.
Анна Леополдовна давлатни бошқаришга мутлақо нолойиқ эди. Пойтахт аҳолиси бор эътиборини Екатерина I ва Пётр I нинг қизи — Елизаветага қаратади, унинг ота-онасини даври жанговар ғалабалар, тартиб-интизом билан эсда қолганди.
Анна Леополдовнанинг атрофидагилар Елизаветадан хавфсизраб, уни турмушга бериш ёки ибодатхонага жўнатиш орқали Петербургдан чиқариб юборишни талаб қила бошлаган. Бундай хавф Елизаветани ҳам фитнага ундаган. Императорнинг шифокори Иоганн Лесток уни Франция элчиси маркиз Жак Шетарди билан таништириб қўйган. У Елизавета ҳокимият тепасига келадиган бўлса, Россия Австрия билан иттифоқдан воз кечиши ва Франция билан яқинлашиши керак эди. Россия ташқи сиёсатини Швеция элчиси Нолкен ҳам ўзгартиришга уринган — у Россияга Boltиқбўйига эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи 1721 йилда имзоланган Ништадт тинчлик битими шартларининг қайта кўриб чиқилишига умид қилган.
1741 йил 6 декабрь кечаси Елизавета Петровна Преображенский полка ротасини Шимолий саройга ҳужум уюштиришга олиб борган. Аскарлар унинг барча кириш-чиқиш қисмларини блоклаган, Анна Леополдовна ва унинг оиласи ҳибсга олинган.
Янги император аёл ўз меросхўри ҳақида дарҳол қайғуриб, ҳукмронлигининг бошидаёқ жияни Пётр Федоровични давомчиси дея эълон қилган. 1762 йил 5 январь куни Елизавета Петровна вафот этади, Пётр Федорович император Пётр III га айланган. Унинг ҳукмронлигининг деярли биринчи кунлариданоқ, қашшоқ немис князлик оиласидан чиққан Анҳалт-Зербстнинг маликаси, рафиқаси Кетрин бошчилигидаги янги қирол атрофида фитна юзага келган. Унинг ҳукмронлигининг деярли биринчи кунлариданоқ немис князлик оиласидан чиққан, унга рафиқаси Екатерина — малика Ангалт-Сербсцкая бошчилик қилган. Эр-хотин муносабати ҳеч қачон яхши бўлмаган, бироқ Пётр хотини ва ўғлини очиқ-ойдин менсимай, халқ олдида жазмани Елизавета Воронсова билан кўриниш бераверган. Екатерина ўзини қамоқ ёки сургун кутаётганини тушунган. Тўнтаришнинг фаол иштирокчилари гвардия орасида машҳур ака-ука Орловлар, буюк княз Павелнинг устози Никита Панин ва унинг жияни Екатерина Дашкова бўлган.
1762 йил 7 июль кечаси Алексей Орлов Екатеринани Петерговдан Петербургдаги Измайлов полка казармасига олиб келган, бу ерда гвардиячилар янги императорга қасамёд келтирган. Эртаси куни соат 09:00 да Екатерина аскарлар ҳамроҳлигида Қозон соборига келган. Бу ерда тантанали равишда Екатерина император, Павел эса унинг меросхўри дея эълон қилинган. У собордан Қишки саройга йўл олган.
Ўша куни Пётр III ўз мулозимлари билан Ораниэнбаумдан Петергофга келган ва у ерда содир бўлган давлат тўнтаришидан хабар топган. Кечқурун у Кронштадтга бориб, қалъанинг ҳарбий кучларига таянишга умид қилган. Аммо Екатерина томонидан юборилган Иван Тализин Пётрнинг қирғоққа тушишига йўл қўймай, ўт очган. Батамом тушкунликка тушган император Ораниэнбаумга қайтиб, император билан музокарага киришишга қарор қилади. Ҳокимиятни бўлиб олиш тўғрисидаги таклифи Екатерина томонидан эътиборсиз қолдирилгач, Пётр III тахтдан воз кечиш ҳужжатига имзо чеккан. Ропшадаги саройга жўнатилган собиқ император 17 июль куни тўсатдан вафот этган.
Пётр I нинг ўлими ва Екатерина II нинг ҳокимиятга келиши орасида рус тахтида олтита монарх ҳамда унинг ортида турган кўплаб сиёсий кучлар алмашган.
Совет қўшинлари қўмондони генерал Власовнинг хоинлиги
1945 йил 28 январь куни Андрей Власов Россия озодлик армияси бош қўмондони этиб тайинланганди. Совет ҳарбийлари Чехословакияни эгаллаганида асирга тушгач нацистлар Германияси билан ҳамкорлик қилишга рози бўлган сотқин генерални қўлга олганди.
1945 йил 13 май куни “СMEРШ” контрразведкаси қўлга олинган Андрей Власовни тинтувдан ўтказган. Тинтув протоколига кўра, машҳур хоин генералдан Рус озодлик армияси аскар ва офицерларининг АҚШ ҳамда Буюк Британия ҳукуматларига сиёсий бошпана сўраб йўллаган очиқ хатини, “Қизил армия” қўмондонлик таркиби, генераллигини тасдиқловчи гувоҳномани олган. Власов мазкур ҳужжатларнинг барчасини немисларга асир тушгани ва Учинчи рейхга хизмат қилган вақтида ҳам сақлаб қолишга муваффақ бўлган.
Бундан ташқари, ҳибсга олиниш вақтида унинг ёнидан 30 мингдан ортиқ Германия империясининг маркаси, Дания кроналари, тилла хоч ва никоҳ узуги топилган.
1941 йилнинг декабрида айнан генерал Власов қўмондонлиги остидаги 20-армия Москвани ҳимоя қилганди. У энг муваффақиятли командирлар сифатида эътироф этилган. “Шахсан генерал-лейтенант Власов тезкорлик борасида яхши тайёрланган, ташкилотчилик кўникмаларига эга. Қўшинларни бошқаришни уддалайди”, — деганди Георгий Жуков у ҳақида.
Айнан Власов Красная Полянада Валер Моделнинг 41-танк корпусини тўхтатиб қолган. Турли манбаларда 1941 йил қишидаги муваффақиятлардан кейин қўшинларда генерални “Москва халоскори” деб аташгани келтирилган. Шу билан бирга, у Иосиф Сталиннинг севимли саркардасига айланган.
1942 йил 8 март куни Власов Волхов фронти қўшинлари қўмондони ўринбосари, 20 апрелда эса 2-ҳужум армияси қўмондони этиб тайинланган. Унинг раҳбарлиги остида қўшинлар қуршовдан чиқишга уринган, бироқ омадсизликка учраган. Армиянинг катта қисми яксон этилгач, Власовнинг ўзи эвакуация қилинишдан бош тортган. У фуқаролик кийимини кийиб олиб, ўзини ўқитувчи дея таништирган, бироқ маҳаллий аҳоли генерални немисларга сотиб қўйган. Қишлоқ етакчиси генералнинг қўлга олиниши учун немислардан икки бутилка ароқ ва ўн қути тамаки олган.
Ҳарбий асирлар лагерига келган Власов душман тараф билан ҳамкорлик қилишга рози бўлади. Унинг Генрих Гиммлер билан учрашуви кўпчиликка маълум. Асирга олинган генерал немислар билан ҳамкорлик қилишнинг сиёсий асосларидан жуда хавотирда эди — у Учинчи рейхнинг ёлланма аскари каби кўринишни хоҳламаган. Нацистлар уни Совет қўшинлари урушда мағлубиятга учраганидан кейин янги ҳукуматни шакллантиришига рухсат беришга ишонтирган.
Немис махсус хизматларининг шафелиги остида генерал “Рус қўмитаси” деб аталган лойиҳанинг мурожаатини тузиб чиқиб, бутун Шарқий фронт ва фронт ортига тарқатган. Мурожаатда қўмита Россия ҳукумати функциясини ўз зиммасига олиши, Сталинни ағдариши, болшевизмни якунлаб, “Германия билан фахрий тинчлик” тузиши келтирилган.
Немислар рус генералига хушмуомалалик билан муносабатда бўлган, яхши яшаш шароитларини таъминлаган, уни босиб олинган ҳудуддаги қишлоқлар ва шаҳарлар бўйлаб тарғиботларга чақирган. Расмий равишда Власов Германия қуруқликдаги кучлари Олий қўмондонлигининг тарғибот бўлими сафида эди.
1943 йил июнь ойида “Власов лойиҳаси”ни шахсан назорати остида ушлаб турган Гитлер, гарчи асир бўлса ҳам, рус генерали қўмондонлиги остида кучли “озодлик” ҳамкорлар армиясига муҳтож эмаслигини айтган. “Биз ушбу тузилмани ўз қўлига олганидан кейин бугун сиз биланмиз, эртага эса йўқ, дейдиган учинчи шахсга бера олмаймиз”, — деган фюрер.
1945 йил 12 май куни Чехословакияда Андрей Власовни совет патрули қўлга олган. У маршал Иван Koneвнинг штабига, бу ердан Москвага етказилган. Шундан кейин 1946 йил 2 августга қадар “Известия” газетаси хоин ҳақида суд бўлаётгани тўғрисида мақолалар чоп этган, бироқ унда Власовнинг исми тилга олинмаган. Хоин генерал билан терговчилар иш олиб бориб, унинг советларга қарши фаолиятига оид батафсил маълумотларни қўлга киритган.
Парвоз вақтида портлаб кетган “Челленжер”
1986 йил 28 январь куни “Челленжер” ҳалокати содир бўлганди. STS-51L миссияси аввалида космик “челнок” парвознинг 73-сониясида ёнилғи бакининг портлаши оқибатида парчаланиб кетган ва экипажнинг етти аъзоси ўлимига сабаб бўлган. Тергов NASA раҳбарияти бу каби хавфдан хабардор бўлгани, лекин стартни бекор қилмаганини аниқлаган.
1986 йил январи охирига келиб космик “челнок”лар Space Shuttle дастури доирасида 24 та миссияни амалга оширган. Аслида йилига бу каби парвозларнинг 15 тасини ўтказиш режалаштирилган эди. Аввалига “Челленжер” фақат тадқиқотлар учун мўлжалланган, бироқ у қайта жиҳозланиб, космосга парвоз учун тайёрланган. Space Shuttle тизими орбитал аппарат (орбитер), катта ташқи ёнилғи баки ва қаттиқ ёнувчан иккита ракета тезлаштирувчисидан иборат эди. Космосга чиққанидан кейин орбитер мустақил равишда Ерга қайтган ва худди самолёт каби учиш-қўниш йўлагига қўнишни амалга оширган. Қаттиқ ёнувчан тезлаштиргич парашютлар ёрдамида сувга қўнган ва ундан қайта фойдаланилган. Ташқи ёнилғи баки эса атмосферада ёниб кетган.
“Челленжер” уч йилдан камроқ вақт ичида ўнинчи экспедициясини амалга ошириши керак бўлган. Бу вақт давомида “челнок” трансляция сунъий йўлдошини учириш, орбитадаги сунъий йўлдошни таъмирлаш каби қатор ишларни амалга оширган. Шунингдек, космик лаборатория билан тажрибалар ўтказилган.
Навбатдаги миссия учун “Челленжер” экипажи таркибига етти киши киритилган — командир Френсис Скоби, иккинчи учувчи Майкл Смит, илмий мутахассислар Эллисон Онидузка, Жудит Резник ва Роналд Макнейр, шунингдек, парвоз юкламаси бўйича мутахассислар Грегори Жарвис ва Шерон Маколифф.
“Челленжер” ўзи 24 январь куни учиши керак эди. Аммо икки сутка ичида шаттл авариявий қўниши мумкин бўлган жой — Дакарда чанг бўрони юзага келгани сабаб икки суткага қолдирилган. Юзага келган вазият сабаб NASA Марокаш ҳукуматига мурожаат қилиб, авариявий қўниш учун Касабланкадаги аэропортдан фойдаланишга рухсат сўраган. Рухсат олгач, парвозни 26 январга режалаштирган, аммо булут сабаб старт яна икки кунга кечиктирилган.
Шаттлнинг учирилиши барибир катта хатарни юзага келтирарди, чунки паст ҳароратда секциялар орасидаги тўлдирувчи материал ўзининг эластиклигини йўқотади ва секциялар уланган жойда герметикликни таъминлай олмайди. Шу боис мунозара охирига қадар давом этган ва барибир “Челленжер”нинг парвоз куни белгиланган.
Меҳмонлар трибунасига АҚШ президенти Роналд Рейгендан тортиб, кўплаб фахрий меҳмонлар тўпланган. Улар дурбин ёрдамида старт майдончасини кузата оларди. Миллионлаб америкаликлар эса ҳодисани Канаверал бурнидан узатилган телетрансляция орқали томоша қилган. Об-ҳаво старт учун идеал эди: булутсиз осмон, ёрқин қуёш, кучсиз шамол. Аммо парвоздан олдинги кеча космодром устидан музли тўфон ўтгани боис тезлаштиргичлардаги бирлаширувчи ва зичлагичлардаги ҳалқалар музлаб қолган. Ҳаво ҳорарати рекорд даражада тушиб кетганди.
28 январь тонгида NASA мутахассислари “челнок”ни кўздан кечиришга киришган. Парвоз вақтида кўчадиган муз “Челленжер”нинг оловга бардошли қопламасига зарар етказиши мумкинлиги аниқланган.
Шунга қарамай, “Челленжер” соат 11:38 да Ердан узилган. Старт бошланиши билан кинокамералар ўнг тезлаштиргичнинг ўрта ва қуйи сексиялари уланган жойдан оқ тутун чиқаётганини пайқаган. Кейинроқ кадрларни таҳлил қилиш жараёнида ташқарига ҳаво буғи чиққани аниқланган.
Дастлаб ҳаммаси кутилганидек кечган. Стартдан 16 сония ўтиб, кема бурилиб кетган ва ер атмосферасидан ташқарига йўналган. Парвознинг 59-сониясида қора тутун чиқа бошлаган. Учиш аппаратининг парчаланиши старт вақтида ўнг қаттиқ ёнилғили тезлаштиргични зичловчи ҳалқасига етган зарар сабаб юзага келганди. “Челленжер” максимал динамик босим нуқтасига етганида, тезлаштиргич ағдарилиб, ёнилғи блокидаги водород баки тубини ёриб ўтган ва кислород бакига шикаст етказган. 14 километр баландликда парвознинг 73-сониясида ёнилғи бакининг портлаши юз берган. Кема бир зумда парчаланиб, унинг қолдиқлари Атлантика океанига қулаган.
Портлашдан олдин Скоби ва Смит хавфни пайқаб қолган, бироқ омон қолиш учун бирор чора кўришга кеч эди. Астронавтлар бирданига ҳалок бўлган. Кейинроқ маълум бўлишича, портлаш сабаб “Челленжер”нинг тумшуқ қисми ажралиб кетган, кабина 20 километр баландликка қадар парвозни давом эттирган. Астронавтлар ўзларининг нафас олиш аппаратларидан фойдаланган ва соатига 333 километр тезликда сувга келиб урилгунга қадар тирик бўлган.
Миллионлаб телетомошабинлар ҳалокат гувоҳига айланган эди. Шу билан бирга, репортаж бошловчиси аввалига нима бўлаётганини тушунмаган ҳам. Портлашдан кейинги бир неча сония давомида у парвоз ҳақида гапиришни давом этган.
Президент Рейган АҚШнинг собиқ давлат котиби Уилям Пирс Рожерс раҳбарлиги остида махсус комиссия тайинлаган. Унинг хулосасига кўра, ҳалокат хавфсизлик борасида корпоратив маданиятнинг етишмагани ва NASA томонидан қарорлар қабул қилиш жараёнлари сабаб юзага келган.
“Челленжер”нинг қолдиқларини қидириш операциясида 6 минг киши иштирок этган. Ишларга ҳатто атом сувости кемаси ҳам жалб этилган. Ҳалокат оқибатида етказилган умумий зарар 8 миллиард долларни ташкил этган, шундан 3 миллиард доллар шаттлнинг ўзининг қиймати ҳисобланади.
“Кун хронологияси” лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.
Изоҳ (0)