Буюк Британия бош вазири Риши Сунак Украина президенти Владимир Зеленский билан телефон орқали суҳбатда Украина армиясига Британиянинг Challengeр 2 танкларини етказиб бермоқчилигини тасдиқлади.
«Бош вазир Буюк Британиянинг Украинани қўллаб-қувватлашини, жумладан, Challengeр 2 танклари ва қўшимча артиллерия тизимларини етказиб бериш орқали кўмакни ошириш истагини билдирди», — дейилади Британия бош вазирининг идораси хабарида.
Баёнотда Украина Қуролли кучлари қанча танк ва артиллерия тизимини олишига аниқлик киритилмаган. The Sun нашрининг ёзишича, Лондон Киевга 12 та танк беради.
11 январь куни Financial Times газетаси Сунак офисидаги амалдорга таяниб Британия бош вазири мудофаа вазиридан Украинани қўллаб-қувватлаш, жумладан, танклар билан таъминлашда «ҳамкорлар билан иш олиб боришни» сўрагани ҳақида ёзганди. Шу тариқа Британияда биринчи марта танкларни Украинага ўтказиш режалари тасдиқланди.
Изоҳ (0)