Украина Шимолий Атлантика альянси(НАТО)га ҳали юридик жиҳатдан қўшилмаган бўлса-да, альянснинг де-факто аъзосига айланган. Бу ҳақда Украина мудофаа вазири Алексей Резников BBC’га берган интервьюсида айтди.
«Давлат сифатида Украина ва Украина Қуролли кучлари НАТО аъзосига айланди. Де-факто, лекин де-юре эмас. Чунки бизда қуроллар ва улардан қандай фойдаланиш бўйича тушунча бор. Ишончим комилки, яқин келажакда НАТОнинг де-юре аъзосига айланамиз», — деди Резников.
Резников унинг баёноти нафақат Россияда, балки НАТО давлатлари орасида ҳам норозиликка сабаб бўлади, деган фикрга қўшилмади. «Сўзларимда нима ноаниқ? Бу ҳақиқат. Бу факт», — деди Резников.
Шунингдек, у Украина Ғарбдан танклар, жанговар самолётлар ва узоқ масофага учувчи ракеталар олишига ишонч билдирди, чунки Ғарб давлатлари Украина Қуролли кучларини қурол-яроғ билан таъминлаш масаласида ўз фикрини ўзгартира бошлаган.
Бундан ташқари, Украина мудофаа вазири баҳорда жанговар ҳаракатлар кучайишини маълум қилди. «Биз уларнинг ҳужумга тайёрланаётганини биламиз, албатта, биз ҳам ҳужумга тайёр бўлишимиз керак», — деди Резников.
Бироқ у Россия армиясининг яна Беларусь ҳудудидан ҳужумга ўтиши ҳақидаги тахминни рад этиб, бундай операцияни тайёрлаш вақт ва ресурслар талаб қилишини тушунтирди, унинг сўзларига кўра, ҳозирда Россия армиясида булар йўқ.
Декабрь ойида Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний Россия гўёки 2023 йилнинг биринчи ойларида Украинага янги ҳужум уюштирмоқчи эканини айтганди. Шу билан бирга, Украина ҳарбий разведкаси раҳбари Кирилл Будановнинг сўзларига кўра, Украина томони ҳам ўз ҳужумларини режалаштирмоқда.
Январь ойи бошида айрим Ғарб давлатлари Украинага кенг кўламли уруш бошланганидан бери сўралаётган танкларни етказиб беришга тайёрлигини маълум қилди. Хусусан, Польша ва Буюк Британия томонидан бу режалар эълон қилинди. Украина Франция ва АҚШдан ҳам енгил танклар деб аталадиган пиёдалар жанговар машиналарни олади.
Ҳозирда энг фаол жанговар ҳаракатлар Донецк вилоятининг Соледар шаҳри яқинида олиб борилмоқда. Тахминларга кўра, сўнгги кунларда рус қўшинлари уни деярли тўлиқ қўлга киритишга муваффақ бўлди, аммо Украина шаҳар учун жанглар давом этаётганини таъкидламоқда.
Изоҳ (0)