2022 йилнинг кузида АҚШ Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) ходимлари Бруклиндаги Чайна-тоунда рейд ўтказиб, Хитойнинг хориждаги ноқонуний «полиция бўлимлари»ни топган, деб ёзади The New York Times терговдан хабардор манбаларга таяниб.
Хитойнинг АҚШдаги элчихонаси эса у ерда хитойликларга ватанида олган ҳайдовчилик гувоҳномасини янгилаш каби хизматларни кўрсатувчи кўнгиллилар борлигини даъво қилмоқда.
The New York Times томонидан ўрганиб чиқилган Хитой давлат ОАВлари хабарларида бундай ташкилотлар Хитой расмийлари томонидан «чет элда хизмат кўрсатиш марказлари» сифатида тасвирланган, баъзи хабарларда улар ҳатто маҳаллий ҳукуматлар билан ҳамкорлик қилмасдан «разведка маълумотларини тўплаши» ва хорижда жиноятларни очиши айтилган. Ғарб расмийлари ва ҳуқуқ ҳимоячилари ушбу материалларга эътибор қаратганидан сўнг, уларнинг баъзилари ОАВдан ўчириб ташланди, дея таъкидлайди NYT.
Ғарб расмийларининг фикрича, хориждаги хизмат кўрсатиш марказлари деб аталаётган бу бўлимлардан аслида хориждаги Хитой фуқаролари, жумладан диссидентлар устидан жосуслик қилиш учун фойдаланилмоқда. Жумладан, The New York Times газетаси Хитой ҳукуматининг хитойликларни ватанга қайтишга мажбурлашдан иборат «Тулки ови» дастурини тилга олди. Давлат матбуоти хабарлари ва Хитой расмийларининг оммавий баёнотларига кўра, камида тўртта шаҳар округлари — Фучжоу, Синтиян, Нантун ва Венчжоу бошчилигида Япония, Италия, Франция, Буюк Британия, Германия, Венгрия, Чехия Республикаси каби мамлакатларда ўнлаб «полиция бўлимлари» ташкил этилган.
The New York Times газетасининг ёзишича, Нью-Йоркда бундай бўлим Фучжоу томонидан ташкил этилган ва America Changle Association NY жамоат ташкилотининг Хитой офисларида жойлашган. Бу ҳақда China Youth Daily давлат газетаси хабар берганди. Кейинчалик материал ўчириб ташланди. Хитой полиция бўлимларининг бошқа манзиллари хусусий корхоналар, жумладан, хитойча ресторанлар манзилларига мос келади. ХХР элчихонасининг таъкидлашича, ушбу объектлар «хизмат кўрсатишни таклиф этган хориждаги хитойликлар томонидан очилган».
Изоҳ (0)