АҚШ ҳозир Сурия билан муносабатларни тиклаш ёки яхшилаш вақти эмас, деб ҳисоблайди, мамлакат расмийлари бу ҳақда ўз иттифоқчиларини хабардор қилган. Давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари Нед Прайс брифингда шундай баёнот берди.
«Биз иттифоқчиларимиз ва ҳамкорларимизга ҳозир муносабатларни нормаллаштириш ва яхшилаш вақти эмаслигини аниқ қилиб айтдик. Мамлакатлар Сурия президенти Башар Асаднинг инсон ҳуқуқлари борасидаги аянчли тарихини эсга олиши керак», — деди у Россия, Сурия ва Туркия вакиллари ўртасидаги уч томонлама алоқалар ҳақидаги саволга жавоб берар экан. Туркия АҚШнинг НАТОдаги иттифоқчиси ҳисобланади.
Аввалроқ Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилганди. Томонлар Суриядаги можарони тартибга солиш масалаларини муҳокама қилган, хусусан, Россия, Сурия ва Туркия мудофаа вазирлари ва разведка хизматлари раҳбарларининг 2022 йил декабрь ойида Москвада бўлиб ўтган учрашувига ижобий баҳо берилган. Эрдўғоннинг ўзи Асад билан «вақти келганда» музокаралар олиб борилишини истисно этмаган ва ҳозирда мамлакатлар ўртасидаги алоқалар махсус хизматлар даражасида сақланиб қолганини таъкидлаган.
Айни пайтда Туркиянинг Сурия ва Ироқ шимолида «Чангал-қилич» ҳарбий операцияси олиб борилмоқда. Бу Туркия ҳукумати террорчи деб ҳисоблаган Курдистон ишчилар партиясига қарши уюштирилмоқда.
Изоҳ (0)