Украина навбатдаги қуроллар пакетининг бир қисми сифатида АҚШдан нафақат Оқ уй томонидан эълон қилинган Bradley зирҳли машиналари ва Patriot зенит комплексларини, балки RIM-7 Sea Sparrow («Денгиз чумчуғи») номли бошқариладиган ракеталарни ҳам олади. Бу ҳақда Politico ўз манбаларига таяниб хабар берди.
Ҳаво нишонларини тутиб олишга мўлжалланган «Денгиз чумчуғи» ракеталари 1976 йилда АҚШ қуроллари сафига қўшилган, аммо деярли ярим аср ўтибгина ракеталарнинг такомиллаштирилган версиялари АҚШ денгиз флоти ва денгиз пиёдалари корпуси, шунингдек, бошқа мамлакатлар флотлари томонидан қўлланила бошлаган. Politico нашрининг ёзишича, украиналик ҳарбийлар бундай ракеталарни кемалардан эмас, балки ердаги платформалардан учириши мумкин бўлади. Нашр манбаларининг хабар беришича, Совет даврида ишлаб чиқилган «Бук» комплексларини учириш қурилмаларидан «Денгиз чумчуқлари»ни учириш учун ҳам фойдаланса бўлади.
Шу пайтгача фақат Тайван «Денгиз чумчуқлари»дан қуруқликдаги ҳаво мудофаа тизимининг бир қисми сифатида фойдаланган. Мамлакат 1990 йилларнинг бошида бундай ракеталарнинг бир неча юзтасини олган.
Sea Sparrow — бу Raytheon корпорацияси томонидан ишлаб чиқилган ярим фаол радиолокацион бошга эга «кема-ҳаво» бошқариладиган ракета. АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари ракетанинг масофаси ва тезлигини ошкор этмайди, бироқ экспертларнинг фикрига кўра, ракетанинг янги версиялари товуш тезлигидан тўрт баравар узиб кетади ва 50 километргача бўлган масофадаги самолётлар ва қанотли ракеталарга зарба бера олади.
6 январь куни АП нашри АҚШ Украинага қарийб 3 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам юбормоқчи экани, у бир неча ўнлаб Bradley зирҳли машиналарини ўз ичига олиши ҳақида хабар берган эди.
Изоҳ (0)