Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Сзян Ян билан учрашди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар қилди.
Қайд этилишича, ХХРнинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари ҳамда Ўзбекистоннинг Хитойдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Фарҳод Арзиев иштирок этган учрашувда томонлар транспорт соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларининг долзарб масалаларини муҳокама қилган.
Хусусан, Хитойнинг йирик заводлари томонидан ишлаб чиқарилган автобусларни етказиб бериш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилган.
Томонлар учрашувда автобуслар сотиб олишни молиялаштириш, етказиб бериш муддатлари ва Хитойдан Ўзбекистонга тезлаштирилган тартибда етказиб бериш бўйича ишларни ташкил этиш масалалари бўйича суҳбатлашган.
Ўз навбатида, Сзян Ян мамлакатда жамоат транспортини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларнинг муҳимлигини таъкидлаган ҳолда, учрашувда муҳокама этилган масалалар юзасидан ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирган.
Изоҳ (0)