Иқтисодий таҳлилчи, Президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Абдулла Абдуқодиров «Дарё» нашрига берган интервьюсида солиқ тизимидаги ўзгаришлар, ташқи савдо, яширин иқтисодиётни бартараф этиш масалаларида таҳлилий фикрларини билдирди.
2023 йилда солиқ тизимидаги қайси ўзгаришлар тадбиркорлар учун яхши бўлди деб ўйлайсиз?
Шубҳасиз, қўшилган қиймат солиғининг 15 фоиздан 12 фоизга туширилиши энг муҳим янгилик. Солиқнинг бу даражада пасайтирилиши тадбиркорлар маҳсулотларининг арзонлашиши ва унга бўлган талабнинг ўсиб боришига шароит яратиб беради. Сир эмаски, айланма солиқлар бугунги кунда маҳсулот нархини белгилаб берувчи асосий омиллардан бирига айланган ва бу, ўз навбатида, ишлаб чиқариш стимулларининг пасайишига олиб келган.
Иккинчи катта янгилик – ҳудудларни бешта асосий зоналарга ажратиб, ҳар бири учун алоҳида маҳаллий солиқлар режимини киритиш ташаббуси. Бу техник жиҳатдан амалга оширилиши анча мураккаб бўлган масала. Чунки тадбиркорлар жуда кўп ҳолларда бир ҳудудда рўйхатдан ўтиб, асл фаолиятини бутунлай бошқа ҳудудда юритади. Бундан ташқари, амалда ёнма-ён жойлашган ва ишлаш фаолиятида деярли фарқи бўлмаган корхоналар икки хил солиқ режимига тушиб қолиши ва натижада корхоналар ўртасида «солиқ миграцияси» бошланиши мумкин. Лекин ҳудудларнинг ривожланиш потенциалини оширишга қаратилган бу ташаббус, агар мен кўрсатган ва бир қанча бошқа техник муаммолар ечилса, жойларда тадбиркорларни жалб қилишда рақобат кучайиши ва ҳар бир раҳбар (ҳоким) тадбиркорга максимал қулай шароит яратиб бериш дардида бўлишига олиб келиши мумкин. Бу, албатта, жуда позитив ҳол.
Даромад солиғи ва мулк солиқларини ҳисоблаш ва тўлашда бир қанча муҳим ўзгаришлар бор. Аммо улар ҳақида 2023 йил бюджетининг ижроси ҳақида расмий ҳужжатлар чиққандан сўнг гапирганимиз маъқул.
2023 йил январдан қўшилган қиймат солиғи 12 фоизга пасайтирилди. Бу тадбиркорлар учун қай даражада фойда беради? Бизда ҚҚС неча фоиз бўлса нормал ҳисобланади?
Қўшилган қиймат солиғининг 3 фоизга тушиши ҳар қандай маҳсулот нархининг 1,8 фоизга пасайишига тўла шароит яратиб беради. Бу айнан шу маҳсулот турларига нисбатан тўлов қобилиятига бўлган талабни камида 1,2 – 1,5 фоизга ошириш билан баробар.
ҚҚС тушиши ҳисобига нархни туширмаган тадбиркор кўпроқ фойда олиши мумкин ва бу ўз навбатида, корхонанинг инвестицион қудрати ва инвесторлар учун жозибадорлиги ўсишига олиб келади.
Аслида оптимал ҚҚС даражаси деган тушунча йўқ. Ҳар қандай солиқ турининг даражаси бир неча йиллар давомида эмпирик тажриба ва таҳлил йўли билан аниқланади.
Яқин кунларгача тажрибамдан келиб чиққан ҳолда шуни айтишим керакки, кичик тадбиркор учун максимал солиқ тўлаш розилиги чегараси айланмадан 8-10 фоизни, йирик тадбиркорлар учун 23-25 фоизни ташкил этади.
Афсуски, бизда солиқ тўлашга розилик чегараси деган кўрсаткич амалда мавжуд эмас ва бу соҳада ҳеч ким изланишлар олиб бормайди. Аслида 8-10 фоиз тадбиркор томонидан «мен давлатга умумий фойдамнинг шунча қисмини солиқ сифатида беришга розиман ва эвазига тинчлик, осойишталикдан бошқа нарсани давлатдан талаб қилмайман», – деган декларация бўлиши керак.
Солиқлар миқдори ва ҳажми доимо жамиятда давлат томонидан ана шу солиқлар эвазига бажариладиган ижтимоий хизматлар кўлами ва ҳажми билан таққослантирилиши керак. Биз – давлат органлари аҳолига, тадбиркорларга тўланган солиқлар қайси мақсадларда ва айнан нима учун ишлатилаётгани ҳақида ҳисоботлар бериб боришимиз лозим. Агар аҳолидан солиқларни тўлашни қаттиқ талаб қилсаг-у, иккинчи томондан тўпланган солиқларнинг катта қисмини турли ишлаб чиқариш, хизмат ва тақсимот соҳасидаги монополистларнинг қайсарликларини қондиришга сарфласак, бу солиқ тўловчида адолат ҳиссиётини уйғотмайди.
Ўзбекистон учун ташқи савдони ривожлантириш кун тартибидаги масалалардан. Бугун Европа бозорларига чиқиш имкониятларимиз қанақа? Президент Шавкат Мирзиёев яқинда Францияга расмий ташриф билан борди. Умуман олганда, ташқи савдо ҳажмини қай тарзда ошириш самарали?
Ташқи савдони ривожлантириш учун бизда бир нечта тўсиқлар бор:
- Аввало, Ўзбекистон Евросиё қитъасининг марказида жойлашган ва денгизлардан узоқ. Айнан шунинг учун бизда халқаро кооперация таннархи ва логистика харажатлари доим юқори бўлади. Демак, мантиқий жиҳатдан асосий эътиборни кўпроқ Марказий Осиё доирасидаги ташқи савдога қаратишимиз ва қўшни мамлакатлар билан савдо-инвестицион алоқаларни ҳар томонлама ривожлантиришимиз керак;
- Бизда турли мамлакатлар тан олган маҳсулот ва хизматлар сифатини сертификацияловчи лабораториялар жуда кам. Шунинг учун маҳсулот сифатини сертификация қилиш масаласида кўпгина чет эллик лабораториялар ва сифат марказлари фаолиятига таянишга мажбурмиз. Вақтинча ечим сифатида озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари учун асосий савдо ҳамкорларимиз бўлган давлатларнинг сифат лабораториялари сертификатларини тан олишимиз мумкин (бу масала кўп кўтарилган ва ҳанузгача узул-кесил ҳал қилинмаган);
- Биз Европа Иттифоқи билан савдо-ҳамкорлик алоқаларини 1996 йилдан бери узлуксиз ривожлантириб келаётган бўлсак, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ҳақидаги музокаралар эндигина – 2023 йилда ўзининг мантиқий натижасига етиши кутилмоқда.
Албатта, охирги икки йилда Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини оширишнинг қонуний-шартномавий асосларини таъминлаш борасида кўпгина ишлар қилинди. 2021 йил июль ойида Ўзбекистон Европа Иттифоқи билан кенгайтирилган стратегик ҳамкорлик шартномасининг асосий мазмуни бўлган GSP+ шартномасига имзо чекди. Натижада Ўзбекистон томонидан Европа Иттифоқи мамлакатларига потенциал равишда экспорт қилинадиган маҳсулотларнинг 2/3 қисмидан турли импорт бож ва тўловлар олиб ташланди.
Орадан бир йил ўтиб, 2022 йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи янги «Кенгайтирилган партнёрлик ва ҳамкорлик шартномаси»га (КPHШ) имзо чекди. Бу шартнома энди Ўзбекистондан Европа Иттифоқига товарлар ва хизматлар экспорти олдида турган барча солиқ ва бож тўловлари каби тўсиқларни умуман олиб ташлади.
Европа Иттифоқи биз учун тўлов қобилияти катта бўлган энг муҳим савдо шеригимиздир. 2016 йилда ЕИ билан товар айирбошлаш ҳажми қарийб 2,5 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2021 йилга келиб 56,4 фоизга ўсди ва 3,9 миллиард долларга етди. Экспорт эса 39,2 фоизга ўсиб, 400,7 миллион доллардан 557,7 миллион долларга, импорт 59,7 фоизга ўсиб, 2,1 миллиард доллардан 3,3 миллиард долларга етди.
2022 йилнинг январь сентябрь ойларида Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 14,2 фоизга ўсди ва 3,1 миллиард долларни ташкил этди. Экспорт эса 68,1 фоизга сезиларли ўсди ва 619,9 миллион долларни ташкил этди, импорт ҳам 5,8 фоизга ошиб, 2,5 миллиард долларни ташкил этди.
Давлат раҳбарининг Францияга расмий ташрифи икки мамлакат ўртасида савдо-инвестиция муносабатларини янада ривожлантиришга катта туртки берди. Франция билан нафақат инфрастурктура лойиҳалари, балки Ўзбекистон фуқаролари авиацияси қудратини ошириш бўйича бир қанча муҳим шартномалар имзоланди.
Ҳар қандай мамлакат билан савдо ҳажмини ошириш учун энг аввало, инвестицияларни ҳимоя қилиш, икки маротаба солиққа тортишни олдини олиш, тариф ва нотариф характерига эга савдони чеклаш механизмлари борасида турли мамлакатларо шартномаларга имзо чекилиши муҳим. Шундан сўнггина айнан тадбиркорлар ана шу очилган кенг имкониятлардан фойдалана бошлайди. Демак, ташқи савдони ривожлантириш барча иштирокчи мамлакатларнинг умумий ишлаб чиқариш қувватларини ошиши ва маҳсулотларнинг рақобатбардош бўлишини таъминлайди.
Давлат 2022 йилда яширин иқтисодиётга қарши қай даражада курашди деб ўйлайсиз? Бу муаммога барҳам бериш учун нималарга эътибор бериш зарур?
Яширин иқтисодиётга қарши курашиш ҳар бир мамлакат олдида турган энг катта муаммолардан бири. Афсуски, бизда узоқ йиллар давомида бу масалани ҳал қилиш йўли кўпроқ тадбиркорларга қарши курашиш ва уларнинг оддий тадбиркорлик фаолияти устидан назоратни кучайтириш ва фаолиятини чигаллаштириш йўлидан борилди.
Президент Шавкат Мирзиёев парламентга ва Ўзбекистон халқига мурожаатида айнан шу муаммога жуда катта эътибор қаратди. Биз энди кўпроқ тадбиркорларнинг нима учун ўз даромадларини яшириш йўлига ўтгани сабабларини аниқлаш ва мазкур сабабларни умумдавлат сиёсати даражасида бирма-бир йўқотиш йўлидан борамиз.
Яширин иқтисоднинг сабаблари турлича бўлиши мумкин ва бунга бизнинг иқтисодиётда бир неча ҳал қилувчи омиллар бор:
- Бизда трансакция харажатлари, яъни мулкнинг, пулнинг бир иқтисодиёт агенти тасарруфидан иккинчисига ўтиши жараёнидаги харажатлар жуда юқори. Бу банк комиссиялари ва қоидалари, юридик, нотариал, суғурта, мулкни баҳолаш харажатлари ва ҳоказолар бўлиши мумкин. Банкка пул киритиш ва ундан қайта олиш бир неча тўсиқлардан ўтишни талаб қилади. Банкдан кредит олиш эса бугунги кунда деярли ҳал қилиб бўлмайдиган катта бир муаммо ва ўта харажатли жараён;
- Солиқлар ҳажми ва структураси ўз пулини тиккан тадбиркорнинг умидларини бутундай оқламайди;
- Пул оқимлари устидан ўрнатилган давлат назорати барчани аввалдан (априори) қонунбузар даражасида талқин қилишга жуда яқин жараёндир.
Умуман олганда, сабаблар хилма-хил. Демак, ҳар бир жараёнга типик бир ҳолат деб қаралиши ва унга «ўз қолипи билан бичилган ечим» (tailor made) топилиши керак. Бугунги кунда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Марказий банк ва бошқа бир неча агентликлар ишчи гуруҳлари тузилган. Бу гуруҳлар фаолияти ҳақида қўшимча маълумотлар бериб борамиз.
Исломбек Умаралиев суҳбатлашди
Изоҳ (0)