Канада 2022 йилда рекорд даражадаги 431 645 иммигрантни қабул қилди ва янги резидентларни жалб қилиш режасини тўлиқ бажарди, деб хабар бермоқда мамлакатнинг Иммиграция, қочқинлар ва фуқаролик вазирлиги.
Ҳисоботда қайд этилишича, аввалги рекорд 2021 йилда 401 минг иммигрант бўлган. Канада бу қадар кўп сонли янги доимий резидентларни юз йилдан кўпроқ вақт олдин, 1913 йилда қабул қилганди.
Канада ҳукумати 2022 йилда доимий яшаш, вақтинчалик яшаш ва фуқароликни олиш учун 5,2 миллионга яқин мурожаатни кўриб чиққан. Вазирлик маълумотларига кўра, бу 2021 йилда кўриб чиқилган аризалар сонидан икки баравар кўп.
«Канада ҳукумати бугун биз дуч келаётган оғир ишчи кучи танқислигини бартараф этишга ва келажак учун кучли иқтисодиётни барпо этишга эътибор қаратгани сабабли, бир нарса аниқлигича қолмоқда: иммиграция бу ечимнинг асосий бўлаги», — дейилади хабарда.
Канада расмийларига кўра, мамлакатда ишчи кучи ўсишининг деярли 100 фоизи, аҳоли ўсишининг эса тахминан 75 фоизи иммигрантлар ҳиссасига тўғри келади. Вазирликнинг прогнозларига кўра, 2036 йилга келиб, иммигрантлар Канада аҳолисининг 30 фоизини ташкил қилади, 2011 йилда бу кўрсаткич 20,7 фоиз эди.
Канада ҳар йили қабул қиладиган доимий резидентлар сони парламентга тақдим этиладиган иммиграция даражасининг йиллик режасига асосланади. Ноябрь ойида тақдим этилган режага кўра, 2023 йилда мамлакат 465 минг муҳожирни қабул қилмоқчи, 2025 йилга бориб эса бу кўрсаткич 500 минг кишига етиши керак.
Изоҳ (0)