Испанияда медиа футбол лигаси ташкил қилинади.
Kings League («Қироллар лигаси») деб номланган лойиҳа асосчилари «Барселона» собиқ ҳимоячиси Херард Пике ва машҳур испаниялик инфлюенсер Ибаи Лянос ҳисобланади.
Турнирда 12 та жамоа иштирок этади, ўйинлар 7х7 форматда ўтказилади.
Машҳур блогерлар, «ютубер»лар, журналистлар ва футбол юлдузлари клубларга президент бўлади. Собиқ футболчи Серхио Агуэро ўзининг Kunisports деб номланган жамоаси билан иштирок этса, дарвозабон Икер Касильяс эса «1К» жамоасини бошқаради.
«Қироллар лигаси» яратувчилари анъанавий футбол қоидаларидан фойдаланиб, ундан ташқари бошқа спорт турларидан ҳам баъзи элементларни қўшиб олмоқчи. Масалан, драфт.
Драфт — танлаш тизими бўлиб, мусобақа олдидан клублар мавжуд ўйинчиларни навбатма-навбат танлаб олади. Бу тизимдан асосан кучли ўйинчилар битта жамоага йиғилиб қолишини олдини олиш учун қўлланилади.
Ҳар бир жамоада 12 нафар ўйинчи бўлади. Уларнинг 10 нафари 27 декабрь кунги драфтда танлаб олинади. 11-ўйинчи эса клуб президенти томонидан бутун мавсум учун танланади. 12-ўйинчи мунтазам равишда ўзгариб туради.
Мусобақада Чичарито, Рубен де ла Ред, Рауль Тамудо ва бошқа машҳур футболчилар иштирок этиши кутилмоқда.
«Қироллар лигаси»га 2023 йил 1 январь куни старт берилади.
Изоҳ (0)