Украина президент Владимир Зеленскийнинг Вашингтонга ташрифи 11 декабрь куни АҚШ президенти Жо Байден билан телефон орқали суҳбатда муҳокама қилинган. Зеленский 14 декабрь куни АҚШ маъмуриятидан расмий таклиф олган, 18 декабрь куни эса ташриф узил-кесил тасдиқланган.
«Биз уни Оқ уйда президент Байден билан давомли учрашув, президент Байденнинг миллий хавфсизлик гуруҳи ва Вазирлар Маҳкамасининг асосий аъзолари билан учрашув, матбуотга мурожаат қилиш, сўнг Конгресснинг қўшма мажлисини ўтказиш учун Капитолий холмга чиқиш имкониятини ўз ичига олган дастурда иштирок этишга таклиф қилдик», — деди Оқ уйнинг юқори мартабали амалдори 20 декабрь кунги брифингда.
Унинг қўшимча қилишича, учрашув чоғида икки давлат раҳбарлари фронтдаги кейинги ҳаракатлар, украиналик аскарларни тайёрлаш имкониятлари, Россияга қарши санкциялар ва экспорт назорати, иқтисодиёт ва энергетика соҳаларида ёрдам, шунингдек, гуманитар ёрдам масалаларини муҳокама қилади.
Оқ уй вакилининг сўзларига кўра, сафарнинг асосий моҳияти шундаки, Қўшма Штатлар Украинани қанча керак бўлса, шунча вақт қўллаб-қувватлайди.
Аввалроқ CNN ўз манбаларига таяниб, Зеленский 21 декабрь куни Байден билан учрашиш учун Вашингтонга учиб кетгани ҳақида хабар берганди. Бир муддат ўтиб Оқ уй Зеленский Вашингтонга ташриф буюришини ва Конгресс иккала палатасининг қўшма сессиясида нутқ сўзлаб чиқишини тасдиқлади.
Зеленскийнинг ўзи ҳам АҚШга ташрифини расман тасдиқлади. У сафардан мақсад — Украинанинг барқарорлигини ва мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашдан иборат эканини ёзди.
Бундан ташқари, Оқ уй Украинага 2 миллиард долларлик янги ёрдам пакетини эълон қилди, унга Patriot ҳаво ҳужумига қарши мудофаа батареялари киради.
Изоҳ (0)