Тошкентда 20 декабрь куни «Агро ТВ» телеканалининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар берди.
«Агро ТВ» агросаноат соҳасидаги маълумотларни тўлиқ ёритувчи инновацион телеканал бўлиб, асосан, томошабинга қишлоқ хўжалиги секторини янги ва замонавий томондан очиб бериш, гўшт ва сут, қандолат маҳсулотлари, мева-сабзавот, пахта, буғдой ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш соҳасидаги сўнгги янгиликлар, халқаро тажриба, инновациялар, ноу-хау, шунингдек, етакчи маҳаллий ва хорижий экспертларнинг фикрлари билан танишиш имкониятини беришга ихтисослашган.
Телеканал Ўзбекистоннинг барча вилоятлари ҳамда қўшни республикаларнинг айрим ҳудудларини қамраб олган бўлиб, 24/7 режимида, ҲД форматида ишлайди. Бундан ташқари, «Агро ТВ» аҳолининг 0+ ёш тоифаси учун мўлжалланган ҳамда ўзбек (60%), рус (30%), инглиз (10%) тилларида фаолият юритади.
Изоҳ (0)