АҚШ Россиянинг Киевга ҳужум қилишга тайёргарлик кўраётгани белгиларини аниқламади. Бу ҳақда Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Жон Кирбига таяниб, «ТАСС» хабар берди.
Кирбининг сўзларига кўра, ҳукумат Россиянинг ҳаракатларини диққат билан кузатмоқда. «Биз ҳозир Киевга ҳужум қилишга тайёргарлик бўлаётганига оид ҳеч қандай далил кўрмаяпмиз», — дейди Оқ уй расмийси.
Шунингдек, у Украина учун навбатдаги ёрдам пакети тез орада эълон қилинишини ва янги пакетга ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари киритилишини қўшимча қилди. АҚШ Сенати 2023 йил учун рекорд даражадаги 858 миллиард долларлик мудофаа бюджетини қабул қилди.
Мудофаа бюджети лойиҳасида, Россияни Европада «ушлаб туриш» учун 6 миллиард доллар, шунингдек, Украинага ёрдам бериш учун қўшимча 800 миллион доллар ажратиш кўзда тутилган. АҚШнинг Россия билан ҳарбий соҳада ҳамкорлигига қўйилган тақиқ беш йилга чўзилган.
Маълумот ўрнида, 16 декабрь куни Россия Украинанинг қатор ҳудудларига 76 та ракета учирди, уларнинг 40 га яқини Киевни нишонга олган.
Изоҳ (0)