Марказий Африка Республикаси (МАР) пойтахти Бангуи шаҳрида «Россия уйи» маданият маркази раҳбари Дмитрий Ситийга суиқасд уюштирилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Маълум қилинишича, Ситий портловчи моддалар солинган аноним пакетни олган. Маълумотни Россиянинг Марказий Африка Республикасидаги элчихонаси матбуот атташеси Владислав Илйин тасдиқлаган.
«Жўнатма 16 декабрь куни эрталаб Ситийнинг қўлида портлаган, у ҳозир касалхонада», — дейди Илйин.
Ҳодиса тафсилотларига аниқлик киритилмаган. BBC суҳбатдошининг сўзларига кўра, Ситий Марказий Африка Республикаси президентининг хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Валерий Захаровга ҳамроҳ бўлган.
2019 йил 6 февралда МАР ҳукумати ва қуролли гуруҳлар вакиллари узоқ муддатли можарога барҳам бериши керак бўлган тинчлик битимини имзолади. 2020 йил декабрда мамлакатда президентлик сайлови бўлиб ўтди. Амалдаги давлат раҳбари Фостен Арканж Туадера биринчи турда 53,16 фоиз овоз билан ғалаба қозонди.
Мухолифат ва қуролли исёнчи гуруҳлар овоз бериш натижаларини тан олмади. Ҳукумат исёнчиларнинг Бангига ҳужум қилмоқчилиги ҳақида хабар берди. Марказий Африка Республикасининг Россиядаги элчиси Леон Додону-Пунагаза ҳудуднинг 95 фоизи расмийлар назоратидалиги, бироқ баъзи жойларда исёнчилар қаршилик кўрсатаётганини айтди.
Мавзуга доир: Украина элчихоналарига бомбалар ва ҳайвонлар аъзолари солинган 18 та посилка жўнатилган
Изоҳ (0)