Бир неча давлат томонидан қидирувга берилган қозоғистонлик қочоқ банкир Мухтор Аблязов Францияда сиёсий қочқин мақомидан маҳрум этилди. Бу ҳақда Нур.кз хабар берди.
Маълум қилинишича, 2020 йилда Қочқинлар ҳуқуқлари бўйича Миллий суд қарори билан Мухтор Аблязов Франциядан сиёсий бошпана олган. Бироқ 2021 йилда у Франция Давлат кенгаши томонидан бекор қилинган ва Аблязов шахсий манфаатларини кўзлаб БТА Банкда фирибгарлик схемасини яратгани учун қочқин мақомини олиш ҳуқуқига эга эмаслиги ҳақида қарор чиқарган. Давлат кенгашининг қарорига қарши чиққан олигарх судга апелляция аризаси билан мурожаат қилган.
2022 йил 8 декабрда Қочқинлар ҳуқуқлари бўйича Миллий суд Аблязовнинг шикоятини рад этган.
«Шундай қилиб, қочоқ банкир Франциядаги сиёсий қочқин мақомидан маҳрум бўлди. Қонунга кўра, Мухтор Аблязов Франциядан депортация қилиниши ёки экстрадиция қилинишини, эҳтимол Қозоғистонга қайтарилиши кутилмоқда», дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил декабрда Россияда Аблязов БТА Банк иши бўйича сиртдан 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. Россия суди уч йил ичида, 2006 йилдан 2009 йилгача Аблязов ўз қўл остидагилар билан биргаликда банкдан 58 миллиард рубль ўғирлаганини аниқлаган. Қозоғистонда эса Аблязов 20 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди — 2017 йилда у давлат маблағларини ўзлаштиришда айбдор деб топилган.
Изоҳ (0)