Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

25 ноябрь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан динамитни ихтиро қилиб, уни патентлаган Нобель, икки жиноий тўданинг Рязанни бўлиб олиш йўлидаги қирғини ҳамда коммунистларга қарши бирлашган Германия ва Японияга оид фактлар ўрин олган.

1967 йил 25 ноябрь куни Алфред Нобель динамитни патентлаган эди. Ёш Нобель 1850 йилларда отасининг Петербургдаги жанговар ўқ-дориларга ихтисослашган компаниясида ишлаган. 1856 йилда Қрим уруши якунлангач, буюртмалар камайиб кетган ва Нобель оиласи билан она юрти Стокгольмга қайтган. У ерда Нобель бўш вақтини кичик лабораторияда ўтказиб, турли кимёвий воситалар устида тажриба ўтказган. Айниқса, уни портлашлар қизиқтирган.

Фото: Thoughtco

Фото: Thoughtco
1846 йилда италиялик кимёгар Аксанё Сорберо нитроглицеринни ихтиро қилади — кучли ва истиқболли, бироқ портловчи қурилмалар билан ишлашда хавфли. Нитроглицериндан фойдаланиш кўп маротаба фожиаларга олиб келган. Хусусан, 1864 йилда Нобель заводининг лабораториясида портлаш содир бўлган, оқибатда беш киши ҳамда Алфреднинг укаси 21 ёшли Эмиль Нобель ҳам ҳалок бўлган. 1866 йилда иккита йирик портлаш қайд этилган — Сан-Францискодаги омбор ва Панама қирғоғидаги пароходда.

Ҳодисалар оқибатида 60 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, етказилган зарар 100 минглаб доллардан ошган. Кўплаб давлатларнинг ҳукуматлари содир бўлган воқеадан ташвишга тушган, Германия ва Норвегияда нитроглицерин ишлаб чиқариш заводлари ёпилган, Франция ва Бельгияда унинг айланмасига тақиқ қўйилган. Бундай тақиқни бошқа давлатларда ҳам жорий этиш кўзда тутилган.

Фото: Thoughtco

Фото: Thoughtco

Нобель нитроглицериндан фойдаланишнинг анча хавфсиз ва самарали усулини топишга уринган. Тажрибалар давомида у керакли портлатгич модда (детонатор)ни топган — симоб билан тўлдирилган металл пистон.

Нитроглицеринни турли материаллар — гипс, порох, кўмир, ғишт кукуни, ёғоч қириндилари билан аралаштириб кўрган Нобель ушбу модданинг портловчанлик қобилиятини камайтиришга диатомит — асосан кремний оксидидан таркиб топган тоғ жинси қолдиғи қодир деган хулосага келган.

Афсоналарга кўра, ушбу кашфиёт тасодифан рўй берган, ичида нитроглицерин бўлган идиш тешилган ва диатомитга оққан. Бироқ Нобелнинг ўзи ушбу версияни рад этган.

«Мен нитроглицерин оқиши бўйича шубҳасиз бирорта ҳолатни қайд этмаганман, бу тахминларни ҳақиқат деб ҳисобловчилар томонидан ўйлаб топилган. Динамитни инфузор тупроқда фойдаланиш ғояси менда унинг қуруқ ҳолатда жуда енгиллиги сабаб пайдо бўлган. Шундан келиб чиқади, динамит тасодифан пайдо бўлмаган, балки мен аввал бошидан суюқ портловчининг камчиликларини кўрганман ва унга қарши туриш йўлларини қидирганман», — деганди у.

Фото: Thoughtco

Фото: Thoughtco

Кейинги тажрибалар суюқ нитроглицериннинг диатомит билан 3:1 нисбатда аралашмаси қуюқ паста ҳосил қилиши маълум бўлган. Нобелнинг ихтироси нитроглицериндан тўлиқ суюқ ҳолда фойдаланишдан воз кечишга имкон яратарди.

1867 йил 25 ноябрь куни Алфред Нобель ҳосил бўлган аралашмани патентлаб, унга грекча дйнамис — «куч»дан келиб чиқиб, «динамит» номини берган. Янги портловчи моддага бўлган талаб кутилганидан зиёд эди — бир йил ўтиб, Нобель 11 та давлатда заводларини очган. Динамитни ишлаб чиқариш бир неча йил ичида 100 баробарга ошиб кетган — 1868 йилда 20 тонна ишлаб чиқарилган бўлса, 1873 йилда ушбу кўрсаткич 4,1 минг тоннани ташкил этган, 1875 йилда 8 минг тоннага етган. Қатор давлатларда нитроглицеринга қўйилган тақиқ давом этган, шу сабабли динамитни идиш ёки шиша номи остида етказиб беришга тўғри келган. Ундан тоғ-кон саноатида ва темир йўлларни қуришда кенг фойдаланилган.

Фото: Thoughtco

Фото: Thoughtco

Нобелнинг ихтироси бошқа кўплаб тадқиқотчиларни нитроглицерин билан тажрибалар ўтказишга ундаган. Мегнезия, ёғоч ва селитрса, соданинг ёғоч-қоғоз аралашмаси каби динамитнинг муқобиллари пайдо бўлган. 1875 йилда Нобель нитроглицеринни целлюлоза асосидаги коллодион эритмаси билан аралаштириш ҳақида ўйлаган.

Албатта, динамит пайдо бўлиши билан жиноятчилар ҳам ундан фойдаланишга киришган. 1883—1885 йилларнинг ўзида Лондонда 13 та портлаш рўй берган. Динамит ихтироси Нобелни миллионерга айлантирган. У 1896 йилда вафот этиб, бойлигини ҳар йили Нобель мукофотини топшириш билан шуғулланувчи жамғармага васият қилган.

Рязанни бўлиб олиш учун дискотекада бошланган кураш

1980 йилларнинг охиридан бошлаб Совет Иттифоқи аҳолиси глобал ўзгаришларнинг бошланиши билан бир қаторда «капиталнинг бирламчи тўпланиши даври»нинг криминал таркибий қисмига дуч кела бошлаган. У 1990 йиллар боши ва ўрталарида авж олган. Янги пайдо бўлган бозорда жиноятчи тўдалар ўз ўлжаларини овлаб, савдо ва ишлаб чиқаришнинг кўп қисмини назорат қилишга уринган. Бу борадаги тўқнашувлардан энг қонлиси Рязанни бўлиб олишга уринган икки тўда ўртасида рўй берган. Шаҳар учун кураш 1993 йил 25 ноябрь куни рақибларни отишдан бошланганди.

Фото: Wikimapia

Фото: Wikimapia
Шу куни «Рязанселмаш» заводининг дискотекага айлантирилган собиқ кафесига автоматлар билан қуролланган беш киши ташриф буюриб, у ердаги меҳмонларни тартибсиз ўққа тута бошлайди. Ҳужум оқибатида собиқ спортчи Виктор Айрапетов номи билан танилган «Айрапетовская» уюшган жиноий тўдасининг саккиз нафар аъзоси ҳалок бўлган. Шунингдек, яна тўққиз нафар жиноятчи жароҳатланган, тўдабоши эса устун ортига яшириниб олиб, енгил қўрқув билан кифояланган. Ўз ишини якунлаб бўлган қотиллар воқеа жойидан яширинган.

Киллерлар бошқа бир тўда — «Фил» лақабли Вячеслав Ермоловга қарашли «Слоновский» аъзолари бўлган ёки улар томонидан ёлланганди. Мазкур уюшган гуруҳнинг асл раҳбари прокуратуранинг собиқ ҳайдовчиси «Макс» лақабли Николай Максимов бўлган. Икки жиноий тўда ўртасидаги тўқнашув Рязаннинг катта қисмини назорат остида олишга бўлган уриниш сабаб келиб чиққан. Жиноятчилар улуш эвазига «ҳимоя қилиш» — кичик тадбиркор ва «челноклар»дан товламачилик орқали пул ундириш билан шуғулланган. Вақт ўтиши билан бу камлик қилиб қолган ва «Слоновский» гуруҳи анча йирик бизнес ва корхоналарга кўз олайтира бошлаган. Бунинг учун рақибларни ўйиндан чиқариш керак эди.

«Макс» ва «Фил»нинг иштаҳалари Виктор Айрапатовга халақит бера бошлайди. Ҳудудни бўлиб олиш учун тўдабошилар 1993 йилнинг мартида Рязандаги кафелардан бирига келишиб олиш учун тўпланади. Бироқ у муваффақиятли якунланмаган, Айрапатов ва Ермолов ўртасида жанжал юз берган. «Вилья Рязанский» рақибини тўданинг бошқа аъзолари кўз ўнгида қаттиқ калтаклаган.

Максимов ва Ермолов режа тузиб, уни амалга оширишга киришади. Аввалига Чапаев кўчасидаги ҳаммомга босқинчилик уюштирилади. У ерда дам олаётган «айрапетовчилар» калтакланган, бироқ улар орасида Виктор йўқ бўлгани боис «Фил» можарони тугади дея ҳисобламаган.

1990 йиллар бошида дон совурадиган машина ва трактор сеялкасини ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи «Селмаш» заводига қарашли цехлардан биридаги станоклар чиқариб ташланиб, улкан дискотекага айлантирилганди. Фабрикадаги собиқ клуб пиво барига айлантирилган ва у ер жиноятчилар ишратхонасига айланган. Қасос олиш режаси ҳам шу ерда амалга оширилган.

1993 йил 25 ноябрь куни дам олаётган «айрапетовчилар» автоматлардан ўққа тутилган. Ушбу отишма нафақат Рязань, балки бутун мамлакатни хавотирга солган. Жиноий тўдалар ўртасида олдин ҳеч қачон бундай кенг кўламли қотиллик юз бермаганди.

Фото: Wikimapia

Фото: Wikimapia

Содир бўлган воқеадан кейин Виктор Айрапетов терговда буни «Фил»нинг одамлари амалга оширганини айтган. Прокуратура унинг кўрсатмалари орқали биринчи бор Максимов ва Еремолов тўдалари мавжудлигидан хабар топган. Аммо улар ўртасидаги уруш шу билан тугамаган. «Витя Рязанский» Москвага кўчиб ўтган ва ўз қўл остидагиларни ўша ердан бошқаришга киришган. 1994 йил 31 март куни Касимовский шосседаги уй ҳовлисида Максимов отиб кетилган — бу биринчи жавоб эди.

1994 йил 3 апрель куни «Макс»нинг хотирасига бағишланган тадбирга портловчи қурилма жойланган портфел ташлаб кетилган. Сергей Маникин исмли киши бомбани масофадан туриб портлатиши керак бўлган, бироқ «Фил» тарафдорларининг омади келган. 150 метр узоқликда қўлбола портловчи қурилма кимнингдир автомобили сигнализацияси сабаб ишга тушиб кетган. Қўриқчилар портлаш жойига етиб келганида қаттиқ жароҳатланган киллерга дуч келган. Орадан 15 дақиқа ўтгач, Маникин вафот этган.

«Фил» ўз одамларига атрофни кўздан кечириш ва душман тарафнинг бошқа аъзоларини топишни буюрган. Портлаш жойидан бир неча метр наридаги автомобилда ўтирган одамлар калтакланган. Кейинроқ улар жиноятчиларни кузатаётган милиция ходимлари экани маълум бўлган.

Суиқасдга жавоб сифатида «Фил» Айрапетовнинг укасини ўлдиришни буюрган — унинг Рязандаги жиноий ҳаётга умуман алоқаси йўқ эди. Унинг ўлими душман тўдабошисининг Рязанга қайтишига сабаб бўлиши керак эди. «Витя Рязанский» дафн маросимига келмаган, бироқ у ҳам қасос олишни буюрган. Айрапетов укасининг ўлимидан тўққиз кун ўтиб, «Фил» тўдасининг муҳим аъзоларидан бири Александр Милигин отиб келтилган.

«Фил» одамларининг омади келган, улар Айрапетов яширинган жойни топишга муваффақ бўлган. У тансоқчиларининг кўз ўнгида ўғирлаб кетилган. Қўриқчилар автомобиль рақамини ёзиб олган, кейинроқ машина милицияга тегишли экани маълум бўлган.

Айрапетовнинг белгиларига мос келадиган эркак жасади Москва—Рязань трассаси бўйидаги ўрмондан бошига ўқ отилган ҳолда топилган.

Фото: Wikimapia

Фото: Wikimapia

«Фил» тўдаси 1997 йилда оммавий ҳибсга олишлар бошлангунга қадар Рязанни бошқарган. Бу вақтга келиб уларнинг ҳисобида 85 та қотиллик мавжуд эди.

Коммунистларга қарши бирлашган Германия ва Япония

1936 йил 25 ноябрь куни Берлинда Германия ва Япония империяси вакиллари томонидан Антикоминтерн пакти имзоланган эди. Кейинчалик бу Иккинчи жаҳон урушидаги иттифоқчиларнинг қатор битимларига асос бўлиб хизмат қилган. Пакт ўз номига мувофиқ аввалига Европа ва Осиёда коммунистик хавфга қарши курашиш учун тузилган.

Фото: AP Photo

Фото: AP Photo

Антикоминтерн пакти унинг ташаббускорлари фикрича, Совет Иттифоқи манфаатлари ва коммунистик идеологиянинг Япония билан чегарадош давлатларда тарқалишига қарши туриши керак эди. Коммунистлар бу вақтга келиб Шарқда — Хитой, Мўғулистон, Манчжурия ва Кореяда сезиларли муваффақиятларга эришган бўлиб, коммунистик ҳаракат Ғарбга ҳам тарқала бошлаган. Герман—япон пактининг советларга қаршилиги аниқ эди, шунингдек, қўшимча махфий протоколлар орқали Совет Иттифоқига қандай қилиб қарши туриш ҳам белгилаб олинганди.

«Олий аҳдлашувчи томонлар коммунистик интернационал фаолияти тўғрисида бир-бирларини хабардор қилиш, зарур мудофаа чораларини кўриш бўйича маслаҳатлашиш ва ушбу чора-тадбирларни амалга оширишда яқин ҳамкорликни давом эттириш мажбуриятини оладилар», — дейилади битимнинг биринчи моддасида.

Ушбу пакт билан, шунингдек, зарурат туғилганида бошқа давлатларнинг ишига аралашиш ҳам назарда тутилган: «Олий аҳдлашувчи томонлар коммунистик интернационалнинг қўпорувчилик фаолияти туфайли ички хавфсизлигига таҳдид солаётган ҳар қандай учинчи давлатга ушбу келишув руҳида мудофаа чораларини кўришни ёки унга қўшилишни биргаликда тавсия этиш мажбуриятини оладилар».

Қўшимча келишувларда иккала давлат ҳам Совет Иттифоқи томонидан асоссиз ҳужум ёки ҳужум таҳдиди бўлган тақдирда хайрихоҳ бетарафликни сақлаб қолишларига бир-бирларини ишонтирган. Бундан ташқари, улар СССР билан «ушбу битим руҳи»га қарши бўлган келишувларни тузмаслик мажбуриятини олган. Шу боис Япония 1939 йилда ҳужум қилмаслик бўйича Германия—Совет Иттифоқи пактининг имзоланишига махфий қўшимча битимларга таянган ҳолда қаршилик билдирган. Японлар нуқтаи назарига кўра, Молотов—Риббентроп пакти Антикоминтерн пакти талабларини бузган, чунки Германия СССР билан музокаралари ҳақида Японияни огоҳлантирмаган.

Биринчи жаҳон урушидан кейин халқаро муносабатларда кўпчилик иккита асосий муаммога эътибор қаратган — Версал битимининг мўртлиги ва кенг тарқалиб бораётган коммунизм таҳдиди. Коммунистик ҳаракат аввал бошидан глобал кўламда тарқалиши аниқ эди. «Бутун дунё пролетарлари, бирлашингиз», — интернационал коммунистик шиорларнинг энг машҳуридир.

Япония ҳам Италия каби Биринчи жаҳон урушида Антанта державалари томонида бўлган, бироқ кутган ҳамма нарсага эриша олмаган ва мустақил экспансионистик сиёсатини олиб борган, аслида коммунизмга қарши кураш баҳонасида ўз кун тартибини илгари сурган: дунёни қайта тақсимлаш, кучлилар ўртасидаги таъсир зоналарини чегаралаш. Албатта, Антикоминтерн пакти доирасида японлар Совет Иттифоқи билан «геосиёсий» қарама-қаршилик масаласида Европадан ёрдам олишга умид қилган ва бу пакт якунланиши билан СССРга қарши ҳарбий иттифоқ тузилганидан жуда хафа бўлган.

Япония—Германия битими асосан Қўшма Штатларни хавотирга солган. Узоқ вақт сиёсий яккаланишда қолган Германия Осиёда ўзига иттифоқчи топаётгани очиқ-ойдин эди. 1937 йил ноябрда фашистлар италияси Антикоминтерн пактига қўшилган, аммо 1933 йилдаёқ ҳокимият тепасига Бенито Муссолини келганида Италия СССРга ҳужум қилмаслик бўйича дўстлик шартномасини имзолаганди. Антикоминтерн пакти 1939 йилда Молотов—Риббентроп пакти пайдо бўлгандан кейинги бир қатор битимлар, шу жумладан, СССР ва Германия ўртасидаги Дўстлик ва чегара тўғрисидаги шартнома асосида тез совет—герман яқинлашувидан кейин ғалати кўринишни бошлаган. Ушбу ҳолатлар туфайли Антикоминтерн пактининг ўзи фақат расмий битим сифатида қолган.

Фото: AP Photo

Фото: AP Photo

Риббентроп Сталинга Антикоминтерн пакти аслида Совет Иттифоқига эмас, балки ғарб демократиясига қаратилганини тушунтирган. Сталин ушбу тушунтиришни дипломатик қарашлар сабаб қабул қилган, немислар орасида эса СССР шу орқали Антикоминтерн пактига қўшилиб олди дея ҳазиллашган.

Антикоминтерн пакти ҳатто 1940 йил сентябрида Япония—Италия—Германия уч томонлама пакти томонидан тўхтатилган, бу пакт Совет Иттифоқини эмас, АҚШни асосий таҳдид деб эълон қилган. Ушбу ҳужжат шартнома тузган томонларга Германия аллақачон фаол ҳамкорлик қилган СССР билан ўз муносабатларига эга бўлиш имконини берган. 1939 йил август ойида Германия—Совет Иттифоқи ўртасида ҳужум қилмаслик тўғрисидаги пактдан сўнг, Япония СССР билан бетарафлик пактини тузган.

1940 йил сентябрь ойининг охирида Гитлер Сталинга мактуб юбориб, унга юқорида айтиб ўтилган Берлин пактининг имзоланиши ҳақида хабар берган ва кейинчалик уни «инглиз меросини» бўлишиш учун Берлинга келишга таклиф қилган. Бироқ аниқланишича, бундай таклифни ўз вақтида Буюк Британия ҳам билдирган.

«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Спорт
Искандаров — энг яхши футболчи, Кападзе — энг яхши мураббий. Ўзбек футболида 2022 йилнинг энг яхшилари аниқланган маросимдан фоторепортаж
Маданият
Фарзандидан айрилган, 3 соат ухлаган, ҳожатхонада фаррошлик қилган: муваффақиятга эришиш йўлида турли қийинчиликлардан ўтган юлдузлар (фото)
Маҳаллий
«Сирдарёда бир сўм ҳам ўғирланмайдиган, коррупциясиз тизим яратилиши керак» — Сардор Умурзоқов