21 ноябрь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан нацистлар Латвияда томи қулаб тушган супермаркет, Америкада экологик фалокат — чучук суви шўрга айланган кўл ҳамда Украинада инқилоб — «Евромайдон»нинг бошланишига оид фактлар ўрин олган.
Латвияда 50 дан ортиқ инсон умрига зомин бўлган супермаркет
2013 йил 21 ноябрь куни Латвия пойтахтидаги Золитуд кичик туманида жойлашган Maxima супермаркетининг том қисми қулаб тушиши оқибатида 54 киши ҳалок бўлганди. Шунингдек, ўнлаб инсонлар тан жароҳатлари билан шифохонага етказилган.Савдо марказининг қулаб тушиши бутун Латвия учун фожиа ва шокка айланган. Мамлакатда инсонлар ҳалокати билан боғлиқ бундай кенг кўламли ҳодиса содир бўлмаган эди. Гувоҳларнинг айтишича, бутун Рига саросимага тушган, аҳоли қўлдан келганча ёрдам беришга уринган.
Маълумотларга кўра, 40 га яқин одам жароҳат олган, 29 нафари шифохонага ётқизилган (уларнинг 10 нафари қутқарувчилар). Вайроналар остида қолиб кетганлар айримлар телефон овозлари орқали орқали қидириб топилган. Қидирув ишлари жуда секин кечган: конструкция нимжон бўлгани ва у яна қулаши хавфи мавжудлиги сабаб қутқарувчилар заргарона ишни амалга ошириши керак эди.
Maxima супермаркетининг том қисми пайшанба куни маҳаллий вақт билан соат 17:40 да қулаган. Фожианинг аниқ сабаблари ҳозирга қадар маълум эмас. Латвиялик журналист Ксения Загоровскаяга кўра, ҳалокатдан 15—20 дақиқа олдин ёнғин сигнализацияси ишлаб кетган — ўт ўчирувчилар бригадаси зудлик билан етиб келган, бироқ ёнғин ўчоқлари аниқланмаган. Афтидан, савдо марказининг том қисми ўтиришни бошлаган ва симларнинг бир қисми узилиб кетган — сигнализация шу сабаб ишлаб кетган бўлиши мумкин. Шу билан бирга, Норвик банки бўлимининг ходимлари ўз раҳбариятига қўнғироқ қилиб, содир бўлган воқеа бўйича ҳисобот берган ва тезда бўлимни ёпиб, эвакуация қилиш топшириғини олган.
Загоровскаянинг айтишича, Maxima тармоғи раҳбарияти ўз ишчиларига аксинча буйруқ берган: ваҳима кўтармаслик ва ишлашни давом эттириш. Натижада харидорлар дўконларга киришни давом этган, сотувчилар эса залда қолган.
Бино Maxima савдо тармоғи ижарачи бўлган Homburg Group’нинг буюртмасига биноан Ре&Ре компанияси томонидан қурилган. Бино 2011 йилда фойдаланишга топширилганди. Ҳалокат тупроқнинг сейсмик тебраниши ёки металл конструкциянинг сифатсиз йиғиш натижасида юз берган деб ҳисобланган. Шу билан бирга, бино конструктори фожиага томда кўплаб қурилиш материаллари жойлашиши оқибатида юз берган дея ҳисоблаган.
2013 йилнинг декабрида Янис Кажоцинш бошчилигида жамоатчилик комиссияси тузилган. Латвия президенти Андрис Берзинш чуқур тергов ўтказишни талаб қилган, у Латвия қурилиш компанияларига алоқадор бўлмаган мустақил хориж экспертларини жалб этмоқчи бўлган. «Бу бегуноҳ инсонларнинг оммавий ўлдирилиши. Айбдорлар жавобгарликка тортилиши», — деганди президенти.
Айрим фуқаролар фожиада Maxima тармоғининг айби бўлмаган, барчасига Латвия ҳукумати айбдор деб ҳисоблайди. Чунки иқтисодий инқироз ва қаттиқ сиёсат сабаб қурилиш объектларининг мустақил экспертизаси билан шуғулланувчи «Стройинспекция» давлат ташкилоти ёпиб юборилганди.
Ҳалокат кўрсатиб берган яна бир муаммо — одамларнинг ўзларини фавқулодда ҳолатларга тайёр эмаслиги. Қайд этилишича, том қулаган вақтда супермаркет ичида AirBaltic компаниясининг икки учувчиси ҳам бўлган, улар зудлик билан хизмат эшигидан чиқиб этган, қолганлар эса ваҳимада марказий эшикка йўналган.
Ҳолат бўйича биринчи суд иши 2015 йил 8 декабрь куни «Кипсала» кўргазма марказида ўтказилган. Тўпланган ҳужжатлар 80 томни ташкил этган. 2016 йил 1 март куни ўтказилган иккинчи мажлисда аввалида ҳалок бўлганлар ва жабрланганларнинг оила аъзолари иштирокида намойиш ташкил этилган. Латвиянинг турли судларига 600 миллион евролик 19 та даъво келиб тушган.
2020 йилда суд ҳукм чиқарган: айбланувчилардан бири 6 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган ва қурбонларга 5 миллион евро тўлаш белгиланган.
Экологик фалокат: Америкадаги чучук сувли кўл сувининг шўрлашуви
Американинг Луизиана штатидаги Ню-Айбирия шаҳри яқинида Пенёр кўли жойлашган. 1980 йилга қадар у чучук сув ҳавзаси бўлиб, маҳаллий дам олувчилар орасида чўмилиш ва балиқ овлашга мўлжаллангани билан машҳур эди. Аммо ўша йилнинг 21 ноябрь куни умумий майдони беш квадрат километр, чуқурлиги уч-тўрт метр келадиган кўл, ўртасида гўзал ботаника боғи бўлган оролчада техноген фалокат юз берган.Ўша куни Wilson Brothers корпорациянинг бурғичилари сув ҳавзаси тубида бурғилаш ишларини олиб бораётганди — улар Texaco компаниясининг буюртмасига кўра, нефть қидирган. Кўл остидан туннеллар тармоғи кўринишида тузли шахта ўтган — баландлиги 24 метр, эни 30 метрга тенг. Унинг юқори қисми тузли устунларга таяниб турган. Шахта Diamond Crystal Салт компаниясининг хусусий мулки ҳисобланган.
20 ноябрь куни кечқурун беш нафар бурғиловчи муаммога дуч келган. Иш давомида жами 374 метр чуқурлик қазилган, аммо уни давом эттиришнинг имкони бўлмаган: бурғи тиқилиб қолган. Ишчилар эрталабки сменадаги ҳамкасбларини кутишга қарор қилади. 21 ноябрь куни эрталаб соат 06:00 да объектда иккита смена бор эди. Орадан ярим соат ўтгач, вазият жиддийлигини тушуниб етган: бурғилаш ускунаси ёқимсиз товуш чиқариб, секин оғишни бошлаган. Жамоа зудлик билан рация орқали Texaco офисига чиққан ва юзага келган муаммо ҳақида ҳисобот берган. Шундан кейин улар 350 метр наридаги қирғоқ томон ошиққан. Бир неча соатдан кейин платформа сув остига ғарқ бўлган.
Муаммони биринчи бўлиб Юниус Геддисон исмли электрик пайқаган: у баланд шовқинни эшитган. Тез орада Геддисон нима бўлаётганини тушуниб етган — ифлос сув оқимида юқори тезликда бир-бирига урилган ҳолда икки баррель ёнилғи яқинлашиб келаётган эди. Бу улкан гирдоб бўлиб, у бурғилашдаги тешик сабаб юзага келган.
Яхши мувофиқлаштирилган эвакуация ҳаракатлари, фавқулодда ёритиш ва тезкор огоҳлантириш тизими туфайли шахтадагиларнинг барчаси омон қолишга муваффақ бўлган. Кейинроқ аниқланишича, бурғичилардан бири тасодифан 400 метр чуқурликда жойлашган шахтанинг тузли қатламини тешиб қўйган. Сув бир зумда ўлчами 35 сантиметрли тешикни ювиб юбориб, пастга оқа бошлаган. Натижада диаметри 55 метрга тенг улкан гирдоб ҳосил бўлган. У сув юзасида бўлган қайиқ, 11 та баржани, бурғилаш ускунасини, уйларни, юк машиналарини, ботаника боғи бўлган оролни сўриб олган. Уч соат ичида 30 миллиард литр сув оқиб кетган.
Пенёр кўлидан 20 километр узоқликда Мексика кўрфази жойлашган. Кўл у билан Делкамбр канали орқали боғланган. Ер остида юзага келган тешик туфайли Пенёр саёзлашган, Делкамбрнинг сув сатҳи бир метрга тушиб кетган. Сув шахтада шўрга айланиб, ортга қайта бошлаган; баландлиги 4,5 метрли шаршара юзага келган. Суюқлик туннелдан ҳаводан кўра тез чиққани боис кўл атрофида 120 метрли гейзер пайдо бўлган.
Пенёр кўлидаги техноген фалокатда қурбонлар бўлмаган, фақат учта ит бедарак йўқолган. Ўша куни шахта тубида бўлган 55 нафар ишчининг барчаси омон қолган. Фалокат вақтида ўзларининг алюминий қайиғида балиқ тутаётган тоға-жиян чўкиб кетишига бир бахя қолган — улар бахтли тасодиф билан хавфли зонадан қутулиб чиққан.
Содир бўлган воқеадан кейин Diamond Crystal Салт компанияси Texaco ва Wilson Brothers компанияларини судга берган. Шунингдек, маҳаллий аҳоли ҳам экологик фалокат сабаб ушбу компаниялар устидан шикоят киритган.
Texaco (буюртмачи фирма) ва Wilson Brothers (пудратчи) яксон қилинган туз кони эгасига 32 миллион доллар, маҳаллий аҳолига эса 12,5 миллион доллар товон пули тўлашга мажбур бўлган.
Украинадаги қонли инқилоб — «Евромайдон»
«Евромайдон» 2013 йил 21 ноябрда Украинада бошланган эътирозлардир. Намойишлар Украина ҳукуматининг Европа Иттифоқи билан ассоциация, чуқур ва ҳар тарафлама эркин савдо келишувларини тўхтатишини эълон қилиши билан бошланган.2013 йил майда Киев халқаро социология институти мамлакат ичида ушбу масала бўйича сўров ўтказади. Унинг натижалари украинларнинг 40 фоизи мамлакат тезроқ Божхона иттифоқи ва Ягона иқтисодий маконга қўшилиш тарафдори эканини кўрсатган. Шу билан бирга, респондентларнинг 36 фоизи Европа Иттифоқига қўшилиш учун ассоциация битимини имзолаш керак деб ҳисоблаган.
Шундай қилиб, 2013 йилда Украинада ЯИМ ва саноат ишлаб чиқариш ўсиши 2012 йилга нисбатан тушиб кетади. Бу каби ҳолат энергия ресурслари нархининг қимматлиги, кредитларнинг кўплиги ва беқарор сиёсат томонидан қабул қилинган популистик бюджет сабаб юзага келган.
Украина ўз иқтисодиётидаги муаммоларини ҳал этиши ва бюджетни қўллаб-қувватлаши учун кредит олиши зарур эди. Ўша вақтда талаб этиладиган маблағ 15 миллиард долларни ташкил этган. Шу билан бирга, кўпчиликни Европа Иттифоқига қўшилиш ғояси қизиқтирган. Чунки евроинтеграция тарафдорларининг аксарияти «Европа Иттифоқи билан ассоциация битимининг имзоланиши» эртагаёқ Украина ЕИ аъзосига айлантиради деб ўйлаган. Аммо бундай бўлиши даргумон эди. 2016 йилги воқеаларда Европа Иттифоқининг юқори раҳбарият Украина яқин 25 йилда Европа Иттифоқи аъзосига айланмаслигини айтгани бунинг исботидир. Бироқ ўшанда Майдонда тўпланган украин халқининг фикрлари тамоман бошқача эди.
Майдоннинг бошланишига Украина Вазирлар Маҳкамасининг Европа Иттифоқи билан ассоциация битимини тузишни тўхтатиб туриш, Россия Божхона иттифоқи билан эса фаол диалогни қайта тиклаш бўйича қарори сабаб бўлган. Бунга жавобан мухолифат парламентни блоклаб қўйган ва 24 ноябрь куни кечқурун Киевдаги Шевченко майдонида халқ йиғини ўтказилишини эълон қилган.
Бу «Евромайдон» сўз ишлатилган биринчи кун эди, кейинроқ у ижтимоий тармоқларда тарқалган. Биринчи акция Киевдаги Мустақиллик майдонида соат 22:00 да бошланган. Намойишга 1-2 минг одам тўпланган. Одамлар Майдонга Европа Иттифоқи байроқларини кўтариб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасининг евроинтерграцияни тўхтатиш қарорига норозилик билдирган. Митинг иштирокчиларининг бир қисми (150 киши) кечаси билан Мустақиллик майдонида қолган.
Мазкур инсонларнинг майдонга тўпланишига нафақат ҳуқуқ-тартибот идоралари, балки уларни «Евромайдон»га чақирганлар ҳам айбдор. Майдонни бошлашдан ҳеч қандай маъни йўқ эди — катализатор кейинроқ пайдо бўлган. Маълумотларга кўра, мухолифатнинг норозилик акциялари 2014 йил баҳорига режалаштирилган. Баҳорга келиб Майдоннинг барча моддий таъминоти тайёрланган бўларди. «Евромайдон» аввал бошидан нотўғри йўлга қўйилганди…
«Евромайдон» ташкилотчилари дастлабки кунлардаёқ Майдонни ҳозир ёки бир неча кундан кейин тарқатиб юбориш бўйича йиғилиш ўтказган. Улар якуний қарорга кела олмагани туфайли ушбу масала кейинга қолдирилган.
24 ноябрда Мустақиллик майдонига 50 минг киши тўпланган. Шу куни намойишчилар ва милиция ўртасидаги илк тўқнашувлар юз берган. Норозилик намойиши иштирокчилари Вазирлар Маҳкамасининг марказий кириш қисмига ўтишга уринган. Аммо у ерга «Беркут» махсус бўлинмаси ходимлари жойлаштирилган.
28 ноябрь куни Вильнюс саммити бошланган, Грузия ва Молдова Европа Иттифоқи билан ассоциация келишувларини техник тасдиқлаш ишларини якунлаган. Кундузи Украина томонидан шартнома имзолаш имконияти ҳақида музокаралар бўлган, кечқурун Виктор Янукович Шарқий ҳамкорлик саммитига келган. Кейинроқ у Ассоциация битимини имзоламагани маълум бўлган. Аммо Майдонда вазият бироз ҳовуридан тушган, кескинлик камайишни бошлаганди.
29 ноябрь куни 20 мингга яқин одам Киевда «Европани Украинада қурамиз» шиори остидаги антимайдон акциясига чиққан. Улар Европа майдонида тўпланган. Митинг тинч ўтган. Бу вақтда эса Мустақиллик майдонида «Беркут» билан тўқнашувлар давом этарди. Намойишчилар тутунли гранаталарни отган, «Беркут» назоратни кучайтирган, ўзаро муштлашувлар юз берган.
Митинг иштирокчилари томонидан президент Виктор Януковичнинг истеъфосини талаб қиладиган резолюция қабул қилинган ва улар ўз ҳаракатларини 1 декабрга кўчирган. Умуман олганда майдонга тўпланган аҳоли камая бошлаган, норозилик секин-аста тўхтаётганди. Бироқ шу пайт кутилмаган ҳодиса — Майдондагиларни қувиб чиқариш бошланади.
Майдонни тозалаш 30 ноябрь куни соат 04:00 да бошланган. Милиция намойишчилардан ҳудудни бўшатиб қўйишни, коммунал хизматлар ходимлари Янги йил арчасини ўрнатиши кераклигини айтган. Бу вақт майдонда коммунал хизматлари ходимлари билан бирга «Беркунт»нинг бир неча минг ҳарбийси пайдо бўлган. Намойишчилар ҳеч қаерга кетишни истамаётгани маълум бўлгач, улар ҳаракатга киришган. Улар одамларни «дубинка»лар билан ура бошлаган, милиция ёруғлик-шовқин ва кўзни ёшлантирувчи гранаталардан фойдаланишга тушган.
«Евромайдон» иштирокчилари қувиб солингач, митинг оммавий норозилик намойиши тусига кирган. Бу вақтга келиб намойишчилар ҳатто ташкилотчиларни ҳам кутиб ўтирмаган ва ўзларининг назорат қилинишларини хоҳламаган. Кўчага нафақат евроинтеграция тарафдорлари, балки коррупция, ҳуқуқ-тартибот органлари, суд ва солиқлар ишидан норози бўлган аҳоли ҳам чиқа бошлаган. Бу назоратдан чиқиб кетган «Евромайдон»нинг бошланиши эди…
«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.
Изоҳ (0)