14 ноябрь куни Сирдарё вилоятида «Корея—Ўзбекистон» бизнес ассоциациясининг ваколатхонаси очилди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.
Қайд этилишича, очилиш маросимида ваколатхона ўзаро иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйишга, лойиҳаларни амалга ошириш, кореялик ва сирдарёлик тадбиркорларга мулоқот майдони яратиш ишларига хизмат қилиши таъкидланган.
«Айни дамда ҳаяжонимни яшира олмаяпман. Мазкур ваколатхонанинг очилиши мени жуда қувонтирди. Шу билан бирга, масъулиятимни ҳам икки карра оширди. Ваъда бериб айтаманки, икки томоннинг ишбилармон доиралари ўртасидаги муносабатларга янги мазмун олиб кириш, уларни турли соҳаларга доир аниқ лойиҳа ва дастурлар билан бойитишга астойдил киришаман», — дейди ассоциация директорлар кенгашининг раиси Ким Чанг Кеон.
Шу ернинг ўзида Гулистон ва Пёнтек шаҳарлари ҳокимлари ўртасида учрашув бўлиб ўтган. Унда вилоят маркази инфратузилмасини яхшилаш, мактабгача таълим соҳасида бошланган ҳамкорлик алоқалари истиқболлари ҳақида фикр алмашилган. Шундан сўнг делегацияни вилоят раҳбари Ғофуржон Мирзаев қабул қилган.
Мулоқот чоғида мамлакатлар ўртасидаги стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётгани қайд этилган. Сирдарё вилояти ва Жанубий Корея ҳудудлари ўртасида савдо-иқтисодий, молиявий-инвестициявий, инновация ва гуманитар, шу жумладан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама қилинган. Пёнтек шаҳри ҳокими Чан Чжон Сон кенг кўламли, кўп форматли шерикликни кенгайтириш ва мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини алоҳида таъкидлаган.
Якунда томонлар ўртасида муҳокама қилинган масалалар юзасидан англашув меморандуми имзоланган.
Сайхунобод туманидаги «Poly Tex Sirdaryo» пахта-тўқимачилик кластери фаолияти билан танишувдан сўнг Жанубий Корея делегациясининг Сирдарё вилоятига икки кунлик ташрифи ниҳоясига етган.
Изоҳ (0)