Ижтимоий тармоқларда Сурхондарёда номаълум шахслар ўлган бўрини дарахтга осиб, терисини шилиб олаётгани акс этган видео тарқалганди. Мазкур ҳолат Сурхондарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳамда Миллий гвардия бошқармаси ходимлари томонидан жойига чиқиб ўрганилди.
Ўрганиш давомида ушбу ҳолат Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани «Сангардак » маҳалласида яшовчи фуқаро Т. Ф. томонидан содир этилгани маълум бўлди.
Фуқаро Т.Ф бу ҳаракати билан «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонуннинг 42-моддаси ва «Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги қонуннинг 17,27-моддалари (ёввойи ҳайвонлардан уларнинг яшаш фаолияти маҳсулотларини олиш мақсадида фойдаланиш) талабини бузганлиги сабабли унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 90-моддаси 1-қисми (ов қилиш, ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузиш) билан БҲМнинг 10 баравари — 3 миллион сўм миқдорида жарима белгиланди.
Шундан сўнг бу каби ҳолатлар яна содир этилмаслиги учун «Сангардак» маҳалласи аҳоли вакиллари билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, уларга табиий муҳитда яшаётган ёввойи ҳайвонларни овлаш, уларга зиён етказиш тегишли қонунларга асосан жавобгарликка тортилиши батафсил тушунтирилди.
Изоҳ (0)