Қамчиқ довони ноқулай об-ҳаво сабабли автомобиллар ҳаракати учун номаълум муддатга ёпилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг маълум қилишича, довонда транспортлар ҳаракати давом этмоқда.
Таъкидланишича, ҳудудда шамол тезлиги кучайган. Транспорт воситалари ҳаракати давом этмоқда. Махсус техникалар ёрдамида йўллар қордан тўхтовсиз тозаланмоқда.
Довон йўлида транспорт воситаларининг ҳаракати билан боғлиқ хабарларни расмий саҳифалар орқали кузатиб боринг. Мазкур йўлда ҳаракатланувчи барча ҳайдовчилардан оралиқ масофани сақлаб, тезликни меъёрдан оширмасдан, қоидаларга риоя қилган ҳолда ҳаракатланишларини сўраймиз, — дейилади хабарда.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳам ҳолат юзасидан маълумот бериб, довон автомобиллар ҳаракати учун очиқ эканини маълум қилди.
Айни дақиқаларда Қамчиқ довонида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги йўлни қордан тозалаш ва музламалар ҳосил бўлишининг олдини олиш, қум-туз аралашмасини сепиш ишларини мувофиқлаштириб бормоқда. Довон йўли автомобиллар ҳаракати учун очиқ ва икки томонлама ҳаракат давом этмоқда.Шу ўринда, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги йўл транспорт ҳодисалари билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида довон ҳудудида ҳаракатланишда ҳайдовчилардан барча хавфсизлик чораларини кўришларини сўраб қолади, — дейилади баёнотда.
«Ўзгидромет» мутахассиси Эркин Абдулаҳатов эса «Қорбўрон кучли ва, менимча, вақтинча ёпилгани ҳам маъқул», — деб ёзган ўзининг Telegram каналида.
Изоҳ (0)